Финляндия қонунчиликда ўзгаришларга олиб бормайди ва Туркия сўраган шахсларни жуда арзирли сабаблар бўлган тақдирдагина экстрадиция қилиши мумкин, дея баёнот берди Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто.

Фото: Global Look Press

«Агар Туркия Финляндияниг НАТОга аъзолигини ратификация қилиш эвазига қонунчилигимизда ўзгаришлар талаб қилса, Финляндия бундай ён беришга бориши даргумон», — дейди Ҳаависто 1 июль куни Yle нашрига.

Унинг сўзларига кўра, «Меморандумда (НАТОнинг Мадриддаги саммити доирасида Туркия, Швеция ва Финляндия томонидан қабул қилинган ўзаро тушуниш тўғрисида) қонунларга ўзгартириш киритиш ёки шунга ўхшаш бирор шарт ҳақида гапирилмаган. Биз бундай мажбуриятларни ўз зиммамизга олмаганмиз».

«Барча келишилган нарса қоғозга туширилди. Турли нуқтаи назарларни ифодалаш мумкин, аммо ҳужжат матнида айтилганидан бошқа масала бўйича келишув бўлиши мумкин эмас», — дея таъкидлаган Ҳаависто.

Шунингдек, у Финляндия Туркиянинг террорчи деб ҳисобланган шахсларни экстрадиция қилиш талабига «жуда арзирли сабаблар мавжуд бўлгандагина» рози бўлиши мумкинлигини айтди.

«Мен Финляндия ва Швециядаги курдлар хавотирга тушаётганини тушунаман. Аммо экстрадиция ҳақида гап кетганда, бунинг сабаби Финляндияда ҳам исботланган террорчилик жинояти бўлиши керак — дейди Ҳаависто. «Бундан ташқари, Финляндия ўзига қийноқлар ёки ўлим жазоси кутаётган одамларни экстрадиция қилмаслик мажбуриятини олди. Экстрадиция учун жуда арзирли асослар бўлиши керак», — деган Финляндия ТИВ раҳбари.

Бир кун олдин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон «Финляндия ва Швеция терроризмга оид қонунчилигига ўзгартириш киритиши керак», дея Мадриддаги саммитда қабул қилинган ўзаро англашув меморандумига ишора қилганди.

Бундан ташқари, у Швеция ва Финляндия терроризмда айбланган ўттиз уч курдни Туркияга экстрадиция қилиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган. Баъзи оммавий ахборот воситаларига кўра, бу сон кейинроқ тахминан етмиш уч кишини ташкил қилган.