Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, «коллектив Ғарбнинг мисли кўрилмаган босими» Россия ва Беларусни интеграция сари ундамоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Беларусь «мустаҳкам дўстлик ва ўзаро ёрдамнинг шонли анъаналарини кўпайтиради».

Фото: «Коммерсантъ»

«Коллектив Ғарб томонидан мисли кўрилмаган сиёсий ва санкциялар босими бизни бирлашиш жараёнларини тезлаштиришга ундамоқда», — деди Владимир Путин Россия ва Беларусь ҳудудий форумидаги чиқишида. Россия президентининг таъкидлашича, 2021 йил сентябрда келишилган 28 та иттифоқ дастурини амалга ошириш бўйича ишлар «ритмик ва жадвал асосида» давом этмоқда ва интеграция учун зарур бўлган процедураларнинг 40 фоизи аллақачон бажарилган.

Беларусь президенти Александр Лукашенконинг фикрича, Ғарб компаниялари бозорлардан чиқиб кетганидан сўнг руслар ва беларуслар учун миллиардлаб рубллик жойлар бўшаб қолган. У Беларуснинг қўшма корхоналар яратишга ўтиш режаларини эълон қилди. Шу билан бирга, у мамлакатлар «бир-бирлари билан рақобатлашмоқчи эмас»лигини ёки «такрорий ишлаб чиқариш»га тайёр эмаслигини таъкидлади. Июль ойида Россия ва Беларусь саноат корхоналари ишини бирлаштириш бўйича келишув имзолаши мумкин.

2021 йилнинг ноябрь ойида икки давлат раҳбарлари газ, нефть ва электр энергиясининг умумий бозорларини яратишни назарда тутувчи иттифоқ дастурлари тўғрисидаги интеграция фармонини имзолаган эди. Иттифоқ давлатлар лойиҳаси доирасида ягона мудофаа маконини яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.