Греция АҚШга F-35 қирувчи-бомбардировкачи эскадрилялари сотиб олиш йзуасидан сўров хати жўнатди, дея хабар бермоқда Associated Press агентлиги.

Фото: DPA

Греция бош вазири Кириакос Мицотакис бу ҳақда Мадридда ўтган НАТО саммитида журналитларга маълум қилган. Греция ҳукумати раҳбари мамлакатнинг мазкур самолётлардан яна бир қатор қўшимча партияларини ҳам қўлга киритиш режалалари борлигини инкор этмаган.

«Мазкур жараённинг бир қисми бу сўров хатини юбориш ҳисобланади. Биз куни кеча шу ишни бажардик», – деган бош вазир.

У сўровни кўриб чиқиш узоқ вақт талаб этиши, Афина ҳисоб-китобларига кўра келишув амалга ошадиган бўлса қирувчи самолётларда 2027 – 2028 йиллардан олдин Грецияга етиб келиши жуда қийинлигини таъкидлаган.

Аввалроқ Греция Франциянинг Rafale қирувчи самолётларидан 24 та буюртма қилган, учоқларнинг 6 таси янги, 18 таси эса аввал Франция ҳарбий ҳаво кучлари ихтиёрида бўлгани хабар қилинганди. Бундан ташқари греклар Париждан 3 та фрегат кемасини ҳам харид қилишни режалаштирган.