Бунгача Исроил ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Яир Лапид мамлакат ҳукуматини бошқаришга ўтди, деб ёзади The Times of Israel газетаси. Лапид парламент ўз-ўзини тарқатиб юборганини эълон қилганидан кейин ҳукумат раҳбари сифатида иш бошлади, бош вазир Нафтали Беннет эса ўз лавозимини тарк этишга қарор қилди.

Яир Лапид

Фото: AP Photo

Лапид мамлакат тарихидаги 14-бош вазир бўлди. У бу лавозимда камида 1 ноябргача, яъни Исроилда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилгунга қадар қолади.

«Яхши, кучли ва гуллаб-яшнаган яҳудий демократик давлатини қуриш учун қўлимиздан келганини қиламиз, чунки бу бизнинг ишимиз ва у барчамиздан муҳимроқдир», — деди Лапид лавозмни эгаллаш маросимида.

Газетанинг ёзишича, янги бош вазирнинг биринчи режалари қаторида — Исроил хавфсизлик бошлиғи Ронен Бар билан учрашиш, шунингдек, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо секторида асирга олинган икки исроиллик аскар ва у ерда қолаётган яна икки исроиллик аскарнинг жасади масаласини муҳокама қилиш бор.

Исроил парламенти Кнессет 30 июнь куни ўзини тарқатиб юбориш учун овоз берди. Беннет парламентни тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарорни ўн кун олдин эълон қилган. The Times of Israel нашрининг ёзишича, бунга ҳукумат аъзолари Тель-Авив марказида метро тизимини яратишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича келиша олмагани сабаб бўлган.

Беннеттдан олдин бош вазир бўлган (аввалига 1996 йилдан 1999 йилгача, сўнгра 2009 йилдан 2021 йил июнига қадар) Бенямин Нетаньяхунинг мухолифатдаги «Ликуд» партияси бўлажак сайловларда иштирок этишга қарор қилди. Нетаньяху Исроил ҳукуматига яна бошчилик қилмоқчи эканини айтди.