Сўнгги бир ой ичида коронавирусга чалиниш ҳолатлари Европада уч марта кўпайди, бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге маълум қилди, деб ёзади «Коммерсантъ». ЖССТ шу ёзда Европа мамлакатларида COVID-19 билан касалланиш даражаси юқори бўлишини кутмоқда.

Фото: Getty Images

Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозир Европа минтақасидаги 53 та мамлакатда ҳар куни қарийб 500 мингта коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмоқда. Кунлик ўлимлар эса 2020 йил ёзидаги даражада турибди — ҳар куни 500 га яқин одам вафот этмоқда.

«Европа мамлакатлари аввал амал қилиб келган чекловларни бекор қилгани сабабли, ёзда вируснинг тарқалиш даражаси юқори бўлади. Вирус мамлакатлар кузатув олиб бормаётгани учунгина йўқолиб кетмайди. У ҳали ҳам тарқаляпти, ҳали ҳам ўзгаряпти ва ҳали ҳам одамларни ҳаётдан олиб кетяпти», — деди Клюге APF нашрига берган интервьюсида.

ЖССТ COVID-19 нинг олдини олиш бўйича ўз тавсияларини кучда қолдирмоқда: ташкилот ўз вақтида эмланиб, жамоат жойларида ниқоб тақишга, касаллик аломатларини сезган одамларни эса ўз-ўзини яккалашга чақирди. «Аҳолининг юқори иммунитетга эгалиги ва кекса одамлар учун касалланиш хавфини камайтиришга қаратилган чоралар бу ёзда ўлимлар олдини олишдаги бош омиллар ҳисобланади», — деди Ханс Клюге.

Аввалроқ ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус дунё янги пандемияга тайёр эмаслигини айтган эди. ЖССТ бош директори, шунингдек, COVID-19 билан курашиш бўйича тавсияларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.