Кетанжи Браун Жексон 30 июнь куни АҚШ Олий суди аъзоси сифатида қасамёд қабул қилди ва Қўшма Штатлар тарихида мазкур лавозимни эгаллаган биринчи афроамерикалик аёлга айланди. CNN телеканали қасамёд маросимини тўғридан-тўғри трансляция қилган.

Кетанжи Браун Жексон

Фото: Getty Images

АҚШ вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Жексоннинг қасамёдига шарҳ бериб, твит ёзди.

«Халқимизнинг олий идеаллари ва мақсадларини амалга ошириш учун тарихий қадам ташладик».

Ўз навбатида Black Lives Matter ҳаракати Twitter’даги аккаунтида Жексон 27 июнда АҚШ юридик қўмитасида ўз номзодини тасдиқлаш вақтида гапирган сўзлардан иқтибос келтирган: «Мен ўзимдан олдин ушбу босқичлардан ўтган одамларнинг елкасида турибман».

Кетанжи Браун Жексон аввал Колумбия округи аппеляция судининг судьяси эди. У АҚШ Олий суди судьяси лавозимида ўз ваколатларини топширган 83 ёшли Стивен Браерни алмаштирди.

АҚШ Олий судида жами 9 нафар судья ўрни мавжуд. Улар умрбод муддатга сайланади, лекин ўз хоҳишига кўра ваколатлардан воз кечиши мумкин. Олий суд судьялигига номзодларни АҚШнинг амалдаги президенти таклиф этади. Судьялар давлат раҳбарининг ваколатлари тугаганидан кейин ҳам узоқ вақт давомида Олий судда қолиши туфайли, мазкур лавозимга номзод тақдим этиб, тайинловда иштирок этиш АҚШ президентлари учун сиёсий томондан ўзига хос меросга айланадиган ҳаракат сифатида эътироф қилинади.

Аввал Францияда «Олға, Республика» партияси аъзоси Яел Браун-Пиве мамлакат тарихида Миллий мажлис спикери лавозимини эгаллаган биринчи аёл раҳбарга айланганди.