Украинадаги низони уч хил усул билан ҳал қилиш мумкин, улардан қай бири амалга оширилишига қараб, НАТО заифлашади ёки мустаҳкамланади. Бу ҳақда АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер The Spactator нашрига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Генри Киссинжер

Фото: Reuters

Биринчи сценарий Россия қўшинлари шу кунгача эгалланган позицияларда қолишини кўзда тутади, шу тариқа, улар «Украинанинг 20 фоизига ва Донбасснинг катта қисмига, асосий саноат ва қишлоқ хўжалиги туманларига ва Қора денгиз бўйлаб узунчоқ ер бўлагига эга бўлади». Киссинжернинг фикрича, бундай вариант Россиянинг ғалабаси бўлган бўларди, НАТОнинг ўрни эса аввал кўзда тутилганидек даражада аҳамиятли бўлмайди.

Иккинчи вариант Россияни ўзи махсус операцияга қадар назорат остига олган ҳудуд — Қримдан «сиқиб чиқаришга уриниш»ни назарда тутади. АҚШ собиқ давлат котиби фикрича, у ҳолда «Россиянинг ўзи билан уруш масаласи кўтарилади».

Воқеалар ривожининг учинчи вариантига мувофиқ, агар Киев Россияни тийиб туришга қодир бўлиб чиқса ва қарши туриш чизиғи махсус операциялар бошланишидан олдинги чегараларгача сурилса, бу расмий Москванинг мағлубиятини англатган бўларди, деб ҳисоблайди Киссинжер. Унинг аниқлик киритишича, у ҳолда Украина янгидан қуроллантирилади, у ва НАТО ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилади ёки мамлакатнинг ўзи альянснинг бир қисмига айланади.

Киссинжернинг фикрича, Украина президенти Владимир Зеленский учинчи вариантни амалга оширишга қарор қилган. Худди шу сценарий Ғарб мамлакатлари учун «жиддий муваффақият»га айланади, НАТО Финляндия ва Швециянинг қўшилиши натижасида янада мустаҳкамланади, Украина эса «Европадаги энг йирик қуруқликдаги қўшинлар»га эга бўлади, деб ҳисоблайди Киссинжер.

«Россиянинг энг янги тарихида биринчи марта Америка билан Европани ўз ядро кучлари билан ҳимоя қилишда асосий бўғин сифатида эмас, балки Европа билан бир бутун бўлиб ёнма-ён яшаш заруриятига тўқнаш келади», — дея ишонч билдирди Киссинжер.

Киссинжер 1969—1975 йилларда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлган. 1973—1977 йилларда давлат котиби лавозимини эгаллаган. 2022 йил 27 май куни у 99 ёшга тўлди.

Аввалроқ Киссинжер «Украинада Россия кучларига қақшатқич зарба беришга» уринмасликка чақирган, бундай сценарий Европадаги барқарорликка ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган эди. У Россия 400 йилдан ортиқ вақт мобайнида Европанинг ажралмас қисми бўлиб келгани туфайли, унга «Хитой билан доимий алоқалар учун туртки бермаслик» кераклигини айтганди.