Ҳозирда Беларусь ва Россия Иттифоқ давлати интеграция жараёнларининг умумий оқимида локомотив ролини ўйнамоқда. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Гроднода бўлиб ўтаётган Беларусь ва Россия IX ҳудудий форуми ялпи мажлисидаги видеомурожаатида айтиб ўтди, деб ёзади «БелТА».

Фото: «БелТА»

Беларусь раҳбари Иттифоқ маданий ва иқтисодий давлатлараро ҳамкорликнинг намунаси ва мисоли эканини таъкидлади. «Бугун постсовет ҳудудидаги давлатлар, агар, ўз суверенитети ва мустақиллигини сақлаб қолишни истаса, Иттифоқ давлатига янада яқинлашишдан чинакамига манфаатдор бўлиши керак. Ишончимиз комилки, фақат биргаликда глобал муаммоларга қарши тура оламиз», — деди Александр Лукашенко.

«Ҳалигача шубҳа қилаётганлар бир нарсани тушуниши керак: бирдамлик ва ҳамжиҳатликка, давлатлараро алоқаларни ва оддий инсоний муносабатларни мустаҳкамлашга тезроқ эришилмаса, эртага мавжуд бўлмаслигимиз ҳам мумкин», — дея қўшимча қилди Беларусь раҳбари.