Ўзбекистонда автомобилларнинг орқа ён ойналарини қорайтиришга рухсатнома талаб қилинмаслиги ва олд ён ойналар қорайтирилиши учун тўланиши лозим бўлган нархнинг олти бараварга арзонлашгани «тонировка»га бўлган талаб ортишига сабаб бўлди. Мазкур талаб эса бу хизмат нархининг кескин ошишига олиб келди. «Дарё» мухбирлари ҳудудларда мазкур хизмат сифати ва унинг айни пайтдаги нархи билан қизиқди.

Самарқандда автомобиль «тонировка»си 1 миллион сўмга тушмоқда

Асли Тожикистоннинг Душанбе шаҳридан бўлган Алишер Ҳасанов уч йилдан бери Самарқандда автомобилларнинг ойналари тусини ўзгартириш билан шуғулланади. 1 июлдан жорий этилган янгилик сабаб Алишернинг иши янада кўпайди.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

«Битта ўзим устаман. Қолганлар эса шогирдим. Кўриб турибсиз, мижозлар жуда кўп. ‘Тонировка’ ёпиштириш нархи озгина қиммат. Ўзбекистонда ‘тонировка’ плёнкаси қиммат аслида. Шу сабабли ҳам нарх қиммат. Иккита орқа ойнани қорайтириб бериш ҳамма нарсаси ўзимиздан бўлса 300 минг сўм. Агар плёнкани ўзлари олиб келса 150 минг сўм. Автомобильни тўлиқ ‘тонировка’ қилиб беришнинг уста ҳақи 500 минг сўмни ташкил қилади. Агар материаллари ўзимиздан бўлса 1 миллион сўмга чиқади», — дейди Алишер Ҳасанов.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Алишер Ҳасановнинг айтишича, агар плёнка нархи арзон бўлса хизмат нархи ҳам арзон бўлади.

«Тожикистонда ‘тонировка’га рухсат олиш қиммат. Рухсатнома олиш 5 миллион сомонга тушади. Уста ҳаққи эса арзон 100 сомон», — дейди Алишер Ҳасанов.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Яна бир «тонировкачи» уста Жамол Ҳайдаровнинг айтишича, у икки йилда у автомобилларнинг ойнасини қорайтириш билан шуғулланиб келмоқда.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

«Бизларда бугунги кунда талаблар кўпайди. Кўпчилик келиб сўраяпти. Биз меҳнатимизга пул оляпмиз. Плёнкаларнинг нархи ўзидан-ўзи бирдан кўтарилиб кетди. Бир хил мижозлар бор плёнкани ўзлари олиб келади, бир хилларига эса ўзимиз қўямиз. Арзон плёнка олмаймиз. Агар плёнкани ўзлари олиб келсалар ҳар бир эшигига 75 минг сўмдан ҳақ оламиз. Агар плёнка ўзимиздан бўладиган бўлса, иккита эшигига 300 минг сўм оламиз. Сабаби, ҳозир иккита орқа эшикка кетадиган бир ярим метр плёнка ҳам 140 минг сўм бўлади. Агар ўзлари олиб келса биз плёнканинг сифатига қарамаймиз. Магазиндан олиб келади, биз қўйиб бераверамиз. Меҳнатимиз учун белгиланган нарх бир хил, кўтарилгани йўқ. Фақат плёнка қимматлашди. Авваллари плёнканинг ўрамини 150 долларга олган бўлсак, ҳозир 200 долларга оляпмиз. Нархнинг ошиши плёнкада бўляпти. Ва ҳозир шу плёнкани ҳам топиб бўлмайди. Одамлар уста қиммат деб айтяпти. Мижозлар билан тушунмовчилик бўлмаслиги учун плёнкани ўзлари олиб келишини тушунтиряпмиз. Агар яхши плёнка бўладиган бўлса уста ҳаққи учун ҳар бир эшикка 75 минг сўмдан пул оламиз», — дейди Жамол Ҳайдаров.

Қора плёнкалар Намангандаги эҳтиёт қисмлари дўконида энг харидоргир маҳсулот

«Дарё»нинг Наманган вилоятидаги мухбири Азизбек Абдувалиевнинг маълумот беришича, «тонировка» бўйича чиққан қарордан сўнг ҳудуддаги автомобиль эҳтиёт қисмлари дўконларида энг харидоргир маҳсулот қора плёнкалар бўлиб қолган.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акромов

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Ғирвон бозорида жойлашган автодўкон сотувчиси Абдулазиз Раҳимовнинг айтишича, олдинлари автомобили учун қуёшдан ҳимоя қилувчи плёнкалар сўраб кунига икки-уч киши келган бўлса, ҳозир бундай харидорлар сони 25-30 кишидан ошяпти.

АҚШда ишлаб чиқарилган плёнкалар метри ўртача 60 минг, Хитойда тайёрланганлари эса 35-40 минг сўмни ташкил этмоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акромов

«Тонировкачи» уста Мирзоҳид Содиқжановнинг айтишича, айни пайтда хизматига талаб кучли бўлгани сабабли қўли-қўлига тегмаяпти. Кунига 15 тача автомобилга хизмат кўрсатмоқда.

«Машина ‘тонировка’си ўртача 30-40 дақиқа вақт олади. Хизмат ҳақимиз эса машина русумига қараб 60 минг сўмдан 80 минг сўмгача бўлмоқда», — дейди Мирзоҳид.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акромов

Кўз олдимизда Spark ҳайдовчиси автомобилининг орқа икки ён ойнасига плёнка торттирди. Плёнка учун 55 минг сўм, уста хизмати учун эса 70 минг сўм, жами 125 минг сўм тўловни амалга оширди.

Азизбек Абдувалиевнинг қўшимча қилишича, Наманганда автомобилнинг умумий «тонировка»си нари борса 500—600 минг сўмга тушади.

Андижонда автомобиль «тонировка»си 1 млн 200 минг сўм

Андижон вилоятида автомобилларнинг орқа ойналарини қорайтириш хизмати аввалроқ 25 минг сўмдан 50 сўмгача бўлган. Қарор қабул қилингандан сўнг ушбу хизмат нархи 75 минг сўмдан 150 минг сўмгача ошган. Орқа ён ойналарини қорайтириш учун ҳайдовчилар қарордан аввал 75 минг сўмдан тўлов қилган бўлса, бугунга келиб ҳар бир орқа ён ойнани қорайтириш нархи 150 минг сўмдан 300 минг сўмга қадар ошган.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Автомашинани тўлиқ қорайтириш учун усталар аввал 100 минг сўмдан 400 минг сўмга ҳақ олган бўлса, нарх 1 июлдан бошлаб 1 миллион 200 минг сўмга кўтарилган.

Бундан ташқари қорайтириб берувчи устахоналарнинг ҳар бирида камида 10 тадан 30 тагача автомобиль бўлиб, навбатлар юзага келган. Усталарнинг айтишича, авваллари навбат кутганлар уч-тўрттадан ошмаган.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Фарғона битта машинани тўлиқ ‘тонировка’ қилдириш 700 минг сўмга тушади

Фарғоналик уста Сарваржон Абдулазизовнинг айтишича, охирги икки кунда автомашинасини «тонировка» қилдириш учун келаётган ҳайдовчилар сони кескин ортган. Кеча 30 июнь куни 40 тача автомобилга хизмат кўрсатган бўлса, бугун ҳам унинг устахонасидан ҳайдовчиларнинг қадами узилгани йўқ. Айни вақтда кун кечки бўлишига қарамасдан ўндан ортиқ автомашина навбатда турганига гувоҳ бўлдик.

«Битта машинани тўлиқ ‘тонировка’ қилдириш 700 минг сўмга тушади. Орқа икки ён ойнага плёнка тортиш 250 минг сўм, олд икки ён ойна ҳам шу нархда», — дейди Сарваржон.

Фото: «Дарё» / Фарҳод Норбўтаев

Яна бир фарғоналик уста Иқболжон Олимовнинг айтишича, битта машинани «тонировка» қилиш хизмат ҳақи ва плёнка нархини қўшиб ҳисоблаганда 550 минг сўмга айланмоқда.

Аввалроқ Тошкентда автомобиллар «тонировка»си учун олинадиган хизмат ҳақининг ўзи 800 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача баҳоланаётгани хабар берилганди.

Фарғоналик ҳайдовчиларнинг қўшимча қилишича «тонировка» бўйича қарор нархларга сезиларли таъсир кўрсатган. Илгари орқа икки ён ойнага плёнка тортиш 80 минг сўмдан 150 минг сўмгача бўлган нархни ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунда эса 180 минг сўмдан 250 минг сўмга тушмоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акромов

Автомашина эҳтиёт қисмлари сотиладиган дўконларда ҳам плёнка нархлари бироз ошган. Айни вақтда 1 метрга 3 метрлик плёнка сифатига қараб 50 минг сўмдан 95 минг сўмгача сотилмоқда.

«Дарё» «тонировка» билан боғлиқ жараённи ўрганишда давом этади.