Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик фаолиятини олиб бориш ёки тарғибот билан шуғулланиш тақиқланган.

Бироқ бу хорижий букмекер контораларнинг мамлакатда фаолият юритишига унчалик тўсиқ бўлмаяпти.

Уларнинг фаолияти оқибатида катта миқдордаги маблағини йўқотган шахсларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Сўнгги бир йилда 4 та шундай ҳолат қайд этилган. Бу оммага маълум бўлган ҳолатлар. Яна биз билмаган, хабарларда очиқланмаган қанчаси бор экани номаълум.

Қолаверса, «Дарё» таҳририятига ҳозирги пайтларда онлайн-қимор ўйинлари туфайли пулсиз ёки ҳатто хонадонсиз қолган фуқароларнинг яқинларидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Фото: «Коммерсантъ»

Тақиқ бор. Натижа эса деярли йўқ

Қимор ўйинлари Ўзбекистонда 2007 йилдан буён тақиқда бўлган. Яқин вақтларгача бу чеклов самарали эди.

Бироқ технологиялар ривожланиши билан вазият кескин ўзгарди. Бу расмий даражада ҳам тасдиқланган.

Масалан, йил бошида адлия вазири Русланбек Давлетов қимор ўйинлари жамиятда катта муаммога айланиб бораётганини, бироқ ҳозирда онлайн контораларни бутунлай блоклаш имконсиз эканини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон онлайн қимор ўйинлари олдида жиддий муаммога дуч келмоқда.

Шу билан бирга, агар расмийлар казино сайтлари блоклаган тақдирда ҳам фойдаланувчи VPN орқали уларга хавфсиз уланиш имкони борлиги айтилади.

Айтиш мумкин, серверлари Ўзбекистонда бўлсин, деб. Бироқ буни имкони йўқ. Катта-катта давлатлар ҳали серверларни ўзига олиб келтиролмаяпти — деган адлия вазири.

Google компаниясида ишлайдиган дастурчи «Дарё»га VPN бор экан, базаси хорижда жойлашган сайтларни бутунлай чеклаш жуда қийин масала, деб тасдиқлади.

Фото: «ТАСС»

Унинг сўзларига кўра, барча серверларнинг IP манзилини блоклаш имконсиз.

Банклар орқали эса шундай серверлардан пул кирим-чиқимининг оқиминигина тақиқлаш мумкиндир. Лекин уни ҳам четлаб ўтиш йўллари топилади, — дейди мутахассис.

Қимор рекламалари тақиқланган. Бироқ бу чеклов ҳам яхши натижа бермайди

Ўзбекистонда нафақат қимор ўйинлари, балки уларнинг рекламаси ҳам тақиқланган. Лекин бу аллақачон эскирган ва самарасиз нормага айланган.

Букмекерлар жуда бой компаниялардан саналади. Forbes нашри маълумотларига кўра, энг машҳур конторалардан бири йилига бир неча юз миллион доллар соф фойда кўради.

Бундай бюджет билан эса букмекерлар исталган давлатни ўз рекламалари билан тўлдира олади. Ана шу вазият ҳозир Ўзбекистонда содир бўлмоқда.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўнлаб пул тикиш сайтларини блоклаб, юзлаб рекламаларни аниқлаган, лекин улар сони кўпайса кўпайяптики, камайишидан дарак йўқ.

Барчасини блоклаш эса имконсиз — бугун бири ёпилса, эртага унинг ўрнига 10 та янгиси пайдо бўлмоқда.

«Дарё»нинг қисқа муддатли мониторинги ҳам Telegram’да қимор ўйинларига алоқадор 50 га яқин асосий каналлар мавжудлигини, улардан баъзилари 200 минг обуначига эгалигини кўрсатади.

Фото: «ТАСС»

Кўп сонли фойдаланувчиларига эга YouTube платформасида ҳам букмекерларни реклама қилувчи бир неча минг ўзбек тилидаги роликлар топилади. Худди шундай ҳолат TikTok ва Instagram ижтимоий тармоқларида ҳам кузатилади.

Қолаверса, яқинда ўзбекистонлик блогерлар онлайн қиморни реклама қилгани ҳақида ҳам хабар берилган.

Бироқ муаммо технологиялар билангина чекланмайди — Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳисоботларига кўра, қимор ўйинларининг рекламалари офлайн режимда ҳам фаол равишда тарқалмоқда.

Нафақат таклиф, балки талаб билан ҳам ишлаш керак

Қимор ўйинларини назорат қилиш усуллари эскирган. Буни яқинда Zo‘r TV телеканалига берилган огоҳлантиришдан ҳам тушуниш мумкин.

Аслида ушбу телеканал ҳеч қандай қимор идораларини реклама қилмаган — шунчаки букмекерлик контори ҳомийлик қилган спорт тадбирини тўғридан-тўғри эфирга узатган ва унда 1Хbet реклама баннерлари акс этган.

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги

Ҳозир ҳомий ёки ҳамкор сифатида букмекерлар жой олмаган спорт тадбирни топиш қийин.

Масалан, баъзи спорт жамоалар ўзининг футболкаларида букмекерларни номини қўйган. Шунда футбол эфирларига ҳам чек қўйиш керакми?

Масалан, одамларга осон йўл билан пул топиш имкони йўқлиги, бўлганида ҳам татимаслиги, улар охири берк кўчага олиб бориши, бу таваккал катта хавфга қўйилган қадам эканини кўпроқ тушунтириш орқали қизиқиш ва талабни камайтириш мумкин.

Агар талаб юқорилигича қоладиган бўлса, ҳеч қандай чекловлар фойда бермайди. Қизиқувчилар тақиқларни айланиб ўтадиган йўлларни топади.

Яна бир самарали, бироқ гапирган билангина ечим топиши амри маҳол бўлган йўл — одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш ва ўртача даромадини кўтаришдир. Яхши ишлаб, юқори маош оладиган инсон қинғир йўл орқали келувчи пулларга қизиқмайди.

Албатта, буни амалга ошириш мураккаб ва йиллар талаб қилиши мумкин.

Бундай ҳолда бизнинг вазифамиз — яна уларнинг хавфли экани, осонликча пул топиш бахайр эмаслигини тушунтириш ва бугунгача маълум оқибатлари билан бўлишишдан иборатлигича қолади.

Албатта, ҳаёт фақат меҳнатдан иборат эмас. Одамлар меҳнатига яраша турли дам олиш имкониятларига ҳам эга бўлиши керак. Афсуски, одатда табиий бўлиши керак бўлган бу жараён Ўзбекистонда катта муаммо.

Умумий қилиб айтганда, ҳозирги ёндашув ўзини оқламаслиги, усуллар эса эскиргани аниқ.

Биз буни қанчалик рад этсак, шунча оқибатларига дучор бўлаверамиз.