Пентагон Украина учун инновацион қуролларни ишлаб чиқиш бўйича 800 та компаниянинг 1,3 мингга яқин таклифини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазирлиги вакилига таяниб, CNN хабар берди.

Фото: Anadolu

Таъкидланишича, Пентагон яқин ҳафталарда танлов қилишга умид билдирмоқда.

Телеканал маълумотларига кўра, Пентагон сўрови Украинанинг ҳарбий эҳтиёжларида асосий деб топилган қурол-яроғлар: зенит, танкка қарши, пиёдаларга қарши ва қирғоқ мудофааси учун қуроллар, учувчисиз  авиатизимлар, контрбатарея тизимлари ва хавфсиз алоқа воситаларини назарда тутади.

23 июнь куни Украина АҚШдан HIMARS баравар ўт очувчи реактив тизимларини (MLRS) олганди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников Пентагон раҳбари Ллойд Остинга ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди. «Ёз Россия босқинчилари учун алангали бўлади. Улардан баъзилари учун эса бу охирги ёз», — деди Резников.

Аввал Россия Украинага қурол етказиб берилгани учун НАТО давлатларига нота юборган эди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини қайд этган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали «олов билан ўйнамоқда», деб таъкидлаган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Украинага Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш Россия—Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмаслиги ва салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.