Россияда коронавирус тарқалиши сабаб жорий этилган чекловларнинг барчаси бекор қилинди. Бу ҳақда «Роспотребнадзор» (Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати) сайтида эълон қилинди.

Фото: «РБК»

«Эпидемиологик жараён интенсивлигининг давомли пасайиши муносабати билан ‘Роспотребнадзор’ илгари киритилган чекловларни, жумладан, ниқоб режимини, тунда кўчада овқатланишни тақиқлаш ва бошқа бир қатор чораларни бекор қилади. Агар COVID-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашса, чекловчи чоралар қайта тикланиши мумкин», — дейилади муассаса хабарида.

«Роспотребнадзор» Россияда сўнгги тўрт ой ичида коронавирус эпидемияси жадаллиги 64 баравардан кўпроққа пасайгани ва пандемия бошланганидан бери энг қуйи даражага етганини таъкидлади.

Қайд этилишича, Россияда коронавирус билан касалланиш бўйича тасдиқланган ҳолатлар (93 фоиз) енгил ёки симптомсиз ўтмоқда. Россиядаги эпидемик жараённинг бундай динамикаси «жаҳон тенденцияларига мос келади»,  — деб таъкидлади муассаса.

Уларнинг қўшимча қилишича, мамлакатда «касалликларни ўз вақтида аниқлаш бўйича эпидемияга қарши чоралар ва эпидемия жараёнини кузатиш чоралари» қўлланилмоқда. «Вазият ‘Роспотребнадзорънинг қаттиқ назорати остида», — деб ишонтирди муассаса вакиллари.

Пандемия бошланганидан бери Россияда коронавируснинг бешта тўлқини ўтди. Иккинчиси 2022 йилнинг январь ойи биринчи ўн кунлигидан кейин бошланди. 11 февраль куни кассаланиш ўз чўққисига чиқди — мамлакат бўйлаб қарийб 204 минг кишида инфекция аниқланган. Сўнг бу кўрсаткич пасайишни бошлаган.