2022 йилги зиёрат мавсумида иштирок этиши кутилаётган бир миллионга яқин мусулмонлардан бир қисми 1 июль, жума куни Саудия Арабистонининг муқаддас Макка шаҳрига COVID пандемияси сабаб бўлган икки йиллик катта танаффусдан сўнг кела бошлади.

Оқ либосларга ўралган, баъзилари чўл қуёшининг ёнаётган нурларига қарши соябон кўтарган, Макка масжидининг марказидаги муқаддас бино бўлмиш Каъба атрофида айлана бўйлаб юрган юзлаб одамлар ҳажнинг биринчи маросимини бажарди.

Саудия Арабистони, ислом динининг энг муқаддас қадамжолари жойлашган Макка ва Мадинада бу йил хорижлик саёҳатчиларга ҳаж зиёратини адо этишга рухсат берди. Сўнгги икки йил ичида фақат бир неча минг Саудия фуқароларигина йиллик ҳаж зиёратига ташриф буюрди, чунки COVID-19 глобал иқтисодиётни вайрон қилди ва саёҳатларни қисқартирди.

Бироқ, расмийларнинг таъкидлашича, 2022 йил мавсумида атиги бир миллион одам иштирок этиши мумкин, бу пандемиядан олдинги даражанинг ярмидан камроғини ташкил қилади.

Хавфсизлик ходимлари масжид ичида зиёратчилар билан юради. Кузатув камералари тармоғи масжиднинг атрофини кузатади ва назорат пунктлари ўтмишдаги ҳалокатли тўқнашувлар, ёнғинлар ва тартибсизликлар қайта такрорланмаслигини таъминлаш учун шаҳарга киришни назорат қилади.

Ўтган йиллар давомида қироллик дунёдаги энг йирик диний йиғинлардан бирининг хавфсизлигини яхшилаш учун миллиардлаб доллар сарфлади. Имконияти етган ҳар бир меҳнатга лаёқатли мусулмон учун умрида бир марта адо этиши керак бўлган ҳаж зиёратидан келувчи даромадлар: турар жой, транспорти, ҳаж тўлови ва совға-саломлар Саудия ҳукуматининг асосий даромад манбаи ҳисобланади.

2019 йил, пандемия бошланишидан олдинги йил, тахминан 2,6 миллион киши ҳаж зиёратини амалга оширган, 19 миллионга киши эса умрада қатнашган эди.

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг иқтисодий ислоҳотлар режасига кўра, умра ва ҳаж имкониятларини йилига 30 миллион зиёратчига етказиш ҳамда 2030 йилгача бу соҳалардан 50 миллиард риёл (13,32 миллиард доллар) даромад келтириш мақсад қилинган.