Nord Stream АG 11 июлдан 21 июлга қадар йиллик режали таъмирлаш ишлари сабаб «Шимолий оқим» газ қувурининг иккала тармоғини тўхтатади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди. Nord Stream АG ёпилишни барча ҳамкорлар билан келишиб олганини таъкидлади.

Фото: EPA

«Nord Stream АG 2022 йил 11 июлдан 21 июлгача «Шимолий оқим» газ қувурининг ҳар икки тармоғини режалаштирилган техник хизмат кўрсатиш ишлари, шу жумладан механик компонентлар ва автоматлаштириш тизимларини синовдан ўтказиш, самарали, хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида вақтинча тўхтатади» — дейилади компания хабарида. Уларнинг қўшимча қилишича, газ қувурининг тўхтатилиши барча ҳамкорлар билан регламентга мувофиқ келишилган.

Июнь ойида «Газпром» «Шимолий оқим» газ қувури орқали газ етказиб беришни 60 фоизга қисқартирган ва буни санкциялар туфайли ускуналарни таъмирлашдаги қийинчиликлар билан изоҳлаганди. Бу эса Германияда газ ва энергия инқирози бўйича фавқулодда вазият режасининг иккинчи, охирги даражасига кўтарилишида олиб келди. Германия ҳукумати, агар июль ойида етказиб бериш аввалги даражасига қайтмаса, мамлакатда энергия нархи уч баравар кўтарилиши ва бир қатор саноат тармоқлари тўхтаб қолишидан хавотирда.

Financial Times нашрининг ёзишича, немис расмийлари «Газпром»нинг «Шимолий оқим» орқали етказиб беришни тўлиқ тўхтатишидан хавотирда. Spiegel’нинг ёзишича, Германия «Шимолий оқим 2»нинг Германия қисмини миллийлаштириши мумкин. Bild нашри Бавария корхоналари ассоциациясининг тадқиқотига таяниб, Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилиши туфайли Германия ялпи ички маҳсулотнинг 12,5 фоизини ва 5,6 миллион иш ўрнини йўқотиши ҳақида хабар берди.