Туркия тез орада Анқарага Америка F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш учун АҚШга делегация юборади, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Фото: Global Look Press

«Президент Жо Байден Туркияга F-16 самолётлари етказиб берилишини таъминлаш учун самимий саъй-ҳаракатларни амалга оширади», — дея Эрдўғоннинг НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманидаги сўзларидан иқтибос келтирмоқда Anadolu агентлиги.

«Умид қиламанки, натижалар Туркия ва АҚШ ўртасидаги дўстлик ва бирдамликнинг иллюстрациясига айланади. Туркия делегацияси тез орада Вашингтонга жўнаб кетади», - дейди у.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байден 30 июнь куни  аввалроқ «АҚШ Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотиши керак», деган эди. У, шунингдек, бу қадам учун Конгресс розилигини олишига ишонч билдирди.

Эрдўғон ўтган йилнинг кузида Вашингтон Туркияга F-35 дастурига киритилган аввалги сармояси эвазига F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришни таклиф қилганини айтганди. Анқара бир неча йил олдин Россиянинг С-400 зенит-ракеталарини сотиб олганидан кейин бу дастурдан чиқариб юборилган эди.

Қўшма Штатлар Туркиянинг Россиядан С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олганидан хавотирини бир неча бор билдирган. АҚШ Россия Федерацияси ушбу тизимлардан бешинчи авлод F-35 қирувчи-бомбардимончи самолётлари ҳақида маълумот олиш учун фойдаланиши мумкин деб ҳисоблади.