Украина унинг ҳудудига кириб келадиган барча Россия фуқаролари учун виза режимини жорий қилди, у 1 июлдан кучга кирди, деб ёзади «РБК».

Фото: «РИА Новости»

Шу кундан эътиборан Россия ва Украина ҳукуматлари ўртасидаги «Украина ва Россия фуқароларининг визасиз сафарлари ва Украинанинг Россия Федерацияси билан баъзи халқаро шартномаларнинг қўлланилиши тўғрисида»ги битим амал қилишдан тўхтади.

Энди россияликларда виза бўлмаса, улар Украина ҳудудига кириши, мамлакатда бўлиб туриши ва ундан ташқарига чиқиши, шунингдек, транзит билан у орқали ўтиши мумкин бўлмайди. Визани Россиянинг саккизта шаҳридаги VFS Global компанияси виза марказларида ёки учинчи мамлакатларда расмийлаштириш мумкин.

Аммо визанинг борлиги Россия фуқароси чегарадан ўтказилишини кафолатламайди: хориж фуқароларининг мамлакатга кириши ҳақидаги якуний қарор чегара хизмати ходимлари томонидан қабул қилинади, дея маълум қилди Украина ТИВ.

Россия ва Украина ўртасида визасиз режим 1997 йилдан буён амал қилиб келаётган эди. Россияликлар Украинада мамлакатга биринчи ташрифи санасидан бошлаб 180 кун ичида 90 кунгача бўлиб туриши мумкин эди. Украинага кириш учун амал қилиш муддати сафар якунланадиган санадан ошадиган хорижга чиқиш паспорти бўлиши кифоя эди.

2020 йил мартида коронавирус пандемияси туфайли Украина мамлакатга чет элликлар киришини тақиқлаган, аммо тақиқ карантин чекловларига ўзгартирилганди: мамлакатга киришда вакцинация ҳақидаги маълумотнома ёки COVID-19 га нисбатан манфий тест талаб қилинарди.

Май охирида Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан виза режимини жорий қилиш ҳақидаги петицияни қўллаб-қувватлади. Петиция саҳифага 2022 йил 11 февралда жойланган эди, Зеленский унга 25 май куни жавоб қилди.

Июнь ўрталарида Зеленский ўзининг Telegram’даги каналида Россия билан ҳарбий можаро фонида ҳукуматга Россия фуқароларининг мамлакатга кириши режимини қайта кўриб чиқиш масаласини ишлаб чиқишни таклиф қилгани ҳақида ёзди. Ушбу баёнотдан бироз ўтиб, Зеленскийнинг идораси раҳбари қарор Украина Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланганини эълон қилди.

24 февраль куни эрталаб Россия Украинада махсус ҳарбий операция бошлади, шундан кейин Зеленский ҳарбий ҳолат режимини эълон қилди ва Россия билан дипломатик алоқалар узилганини маълум қилди. 22 май куни Олий рада Украинадаги ҳарбий ҳолатни 23 августгача узайтирди.

Visit Ukraine портал маълумотларига кўра, ҳарбий ҳолат амал қилаётган вақтда мамлакатда авиақатновлар тўхтатилган, аммо мамлакатга чет эл фуқароларининг ер усти транспорти билан кириши ва чиқишига рухсат берилган. Польша, Словакия, Венгрия, Руминия ва Молдова билан чегаралардаги Украина ўтказиш пунктлари ишлашда давом этмоқда, бироқ Россия, Беларусь ва тан олинмаган Приднестровье республикаси билан чегаралардаги ўтказиш пунктлари ёпилган.

14 март куни Украинага Россия ҳудудидан нашриёт маҳсулотлари олиб кириш ва тарқатиш тақиқланди, 10 апрелда эса мамлакат Россиядан маҳсулотлар импортини тўлиқ тақиқлагани маълум қилинди.