Японияда рекорд даражадаги жазирама туфайли, узилишлар олдини олиш учун уч ойлик электр токини тежаш даври эълон қилинди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Мамлакатда сўнгги вақтларда иссиқ ҳаво кузатилмоқда, ҳарорат баъзи туманларда 35 даражага етмоқда. Шу туфайли электр энергиясига талаб ўсди, аммо электр етказиб бериш ҳажми ошиши кутилмаяпти, ҳаво ҳарорати тушиши ҳам, деб хабар қилмоқда маҳаллий Kyodo агентлиги.

Шу муносабат билан мамлакат ҳукумати фуқароларни электр токини тежашга чақирди. Чоралар кондиционерлардан фойдаланишга тегишли эмас, бироқ японларга, масалан, кераксиз чироқни ўчириб қўйиш маслаҳат берилди. Айниқса, қуёш энергиясини ишлаб чиқариш камаядиган 17:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида электр истеъмолини камайтириш қўллаб-қувватланади.

Ҳукумат ва электр энергияси етказиб берувчилар тежамкорлик ҳақидаги кўрсатмаларга риоя қилаётган уй хўжаликларини рағбатлантириш учун балл берувчи махсус дастурларни жорий қилишни режалаштирмоқда.

Таъкидланишича, электр энергияси етишмовчилиги хавфи нафақат иссиқ ҳаво, балки иссиқ электр станцияларининг эскириши, шунингдек, уларнинг ишлаши учун ёнилғи хариди Украинадаги воқеалар туфайли хавф остида қолгани сабабли ҳам сақланиб қолмоқда.

Охирги марта Япония ҳукумати энергияни тежаш ҳақидаги илтимос билан фуқаролар ва корхоналарга 2015 йилда мурожаат қилган эди. Ундан тўрт йил аввал зилзила ва цунамидан кейин «Фукусима» АЭСда радиациявий авария содир бўлган, у кейин ёпилган эди. Ҳалокат мамлакатдаги бошқа атом станциялари ишига таъсир кўрсатди, оқибатда энергия танқислиги юзага келди, уни 2016 йилда енгишга муваффақ бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, расмийлар дастлаб Токио аҳолисидан электр энергияси истеъмолини камайтиришни сўради. Бироқ жазирама баъзилар учун ҳалокатли бўлганидан кейин ҳукумат энергияни тежаш борасидаги амбицияларини пасайтирди.