1 июлдан бошлаб Япония ҳукумати энергия тежаш режимини жорий қилди. Мамлакат расмийлари ундан 2015 йилдан бери биринчи марта фойдаланмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорларга 30 сентябргача электр энергияси истеъмолини камайтириш тавсия этилади.

Тавсиялар Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги сайтида эълон қилинган

Фото: Bloomberg

Мамлакат аҳолисига кийимларни битталаб эмас, кўп миқдорда ювиш, кераксиз жиҳозларни ўчириш, телевизорни энергия тежаш режимига ўтказиш тавсия этилади. 

Компаниялардан фойдаланилмаётган жойларда кондиционерларни ўчириш ва тушлик танаффусларида чироқлардан фойдаланмаслик сўралган.

Японияда охирги марта электр энергиясини тежаш режими 2011 йилда Фукусима-1 АЭСдаги авариядан сўнг жорий этилган бўлиб, у 2015 йилгача амал қилган. 

Япония ҳукумати қишда электр қуввати тақчиллиги бўлишини айтмоқда ва шунинг учун электр энергиясини тежашни ёздан бошлади. 

Оммавий ахборот воситалари мамлакатда қиш совуқ келганда электр энергияси тақчиллиги қарийб 3,5 миллион кВтга етиши, агар Россиядан суюлтирилган газ экспорти чекланса, яна 4 миллион кВтга ошишини ёзган.

Май ойида G7 давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ) Россиянинг энергия ресурсларига қарамлигини камайтиришга келишиб олди. 

G7 етакчилари Россиядан газ нархига чеклов жорий этиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.