Жаҳон бокси тарихидаги энг номдор ва фаолияти можаролар билан тўла жангчилардан бири бўлган афсонавий Майк Тайсон 30 июнь куни 56 ёшни қарши олди. Рингдаги «Темир Майк» билан бир қаторда унинг ҳаёт тарзи ва қимматбаҳо харидлари ҳам кўпчиликка қизиқ экани бор гап. Қуйида Тайсоннинг автомобиллар коллекцияси ҳақида сўз боради.

Фото: Getty Images

Тайсон фаолиятининг чўққисида кўп миллионли гонорарлар олишни канда қилмасди.

1980 ва 1990 йилларда рақибларини даҳшатга солган шафқатсиз Майк фаолияти давомида 200 миллион фунтдан ортиқ даромад қилгани айтилади.

Фото: The Sun

Шунга қарамай Тайсон 2003 йилда ўзини банкрот деб эълон қилган.

Аммо у топганини кўкка совуриш баробарида эксклюзив автомобиллар тўпламини йиғиб қўйганди. Америкалик Rolls-Royce, Ferrari ва McLaren’га алоҳида муҳаббат қўйган.

Америкадаги севимли лимузин

Тайсон профессионал боксдаги дебютини 1985 йилда ўтказган. 19 та ғалабани қўлга киритган (нокаут билан) ва биринчи «жиддий пуллар»га эга чиққан Тайсон замонавий Cadillac Eldorado’ни сотиб олишга қарор қилади.

Фото: The Sun

Бироз вақт ўтгач, боксчи ушбу маркадаги яна бир машина – Cadillac Seville’ни сотиб олади. Ҳозир бундай машиналарнинг нархи, тахминан, 20 минг фунтни ташкил қилади.

Фото: The Sun

Ҳашаматли Rolls-Royce’лар

Майк 1986 йилда Жеймс Смитни мағлубиятга учратиб, WBA камарига сазовор бўлади. У ғалабадан кейин Манҳеттенга бориб, Rolls-Royce автомобилини сотиб олмоқчи бўлади. Аммо менежери Жим Жейкобс уни машинани сотиб олмасликка кўндиради.

Жим боксчидан 21 ёшга тўлгунича кутишини сўрайди. Менежер бу катта харид мижозини ҳаволантириб юборади деб ўйлаган.

Тайсон Жейкобсга қулоқ солади ва 21 ёшига келибгина, қиймати 110 минг фунт стерлингга тенг Rolls-Royce Silver Spur’ни сотиб олади.

Фото: The Sun

1987 йилда эса Тони Такерни мағлуб этиб, IBF камарини қўлга киритади ва коллекциясига нархи 150 фунтга мингга яқин Rolls-Royce Corniche’ни қўшиб қўяди.

Фото: The Sun

Дон Кингнинг «ҳадялари»

Кейинчалик Тайсон машҳур промоутер Дон Кинг билан ҳамкорликни бошлайди. Кинг «лаққа балиқ»ни тузоққа илинтирганини яхши англарди, шу боис у янги мижозига «ҳадялар» беришдан ийманиб ўтирмаган.

Фото: The Sun

Майкни ўз «ўғли»га айлантириш учун промоутер унга 1988 йилда иккита машина — қора Rolls-Royce лимузини ва Corniche’ни топширади.

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Шу тариқа 22 ёшида Тайсоннинг гаражида тўртта Rolls-Royce’ни кўриш мумкин эди.

Тупак Шакурнинг Mercedes’и

90 йилларда Тайсон шоу-бизнесдаги илк алоқаларини йўлга қўяди. У ўз шуҳратидан завқланиб, Голливуднинг шовқинли базмларида тез-тез кўрина бошлайди.

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Унинг янги дўстларидан бири Тупак Шакур Тайсонни яна бир импулсив харид қилишга илҳомлантиради. Рэпер боксчига 1989 йилда ишлаб чиқарилган оқ Mercedes-Benz SL-Class 560SL’ни сотади.

Бир неча ой ўтгач, Тайсон Жеймс «Buster» Дугласга ютқазиб қўйиб, бокс оламининг ҳайратига сабабчи бўлади.

Ушбу мағлубиятдан кейин кайфиятини кўтариш учун «Темир Майк» 1990 йилги Mercedes Benz 500 SL автомобилини сотиб олади.

Фото: The Sun

Rolls-Royce’дан Ferrari’га «ўтиш»

1990 йилларнинг бошлари Тайсон учун жуда муваффақиятсиз кечади. Дугласга мағлуб бўлишидан ташқари, Майк зўрлаш айблови билан қамалиб чиқади. Боксчи уч йилдан сўнг озодликка чиқади ва деярли дарҳол WBC камарига сазовор бўлади.

Шунда Тайсон Rolls-Royce’дан Ferrari’га «ўтиш»га қарор қилади. 1995 йилда Майк бирданига иккита суперкар сотиб олади — F50 ва 456 GT Spyder.

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Қайд этиш керак, итальян компанияси GT Spyder моделидан фақат иккита нусха ишлаб чиқарган. Биринчиси Тайсонда бўлса, иккинчиси Бруней султони томонидан буюртма қилинган.

Тайсон тез орада Ferrari’лардан бирини пачоқ қилади – боксчи «тойчоғ»и билан мини-маркетга «кириб кетади».

Lamborghini ва Bentley

1996 йилда Майк ўзининг биринчи Lamborghini’си — сариқ Super Diablo Twin Turbo’ни сотиб олади. Маълумотларга кўра, боксчи қимматбаҳо хариди билан отишмада ҳалок бўлган дўсти Тупакни йўқотиш аламини енгиллаштирмоқчи бўлган.

Фото: The Sun

Кейинчалик Тайсон ҳашаматли машиналарга қайтиб, Bentley Continental Т сотиб олади.

Фото: The Sun

2000 йилга келиб, америкалик ўз коллекциясига Lamborghini Diablo VT ва Jaguar XJ220’ни ҳам қўшиб қўяди.

Фото: The Sun

Фото: The Sun

Шунингдек, Майк Bentley Continental SC автомобили учун 380 минг фунт стерлингнинг баҳридан воз кечади. Бу турдаги машиналар фақат 73 та нусхада ишлаб чиқарилган.

Аянчли якун

Тез орада Майкнинг боксдаги фаолияти пасая бошлайди. Шу билан бирга боксчи ҳашаматли ҳаёт тарзини олиб боришни ва ўйламай пул сарфлашни давом эттираверади. 2003 йилда у ўзини банкрот деб эълон қилгани ҳам аслини олганда ажабланарли ҳолат эмас.

Афсуски, америкалик ўз коллекциясини сақлаб қола олмайди. Баъзи машиналар хусусий коллексионерлар қўлида бўлса, бошқалари музейларда сақланмоқда.