Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувда Нукусда бўлиб ўтган намойиш ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Конституциямизни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этади. Бу борада фақат халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.

Лекин айрим жойларда ушбу масаланинг моҳиятини талқин қилишда тушунмовчилик ҳолатлари учрамоқда.

Жумладан, лойиҳада кўзда тутилган, Қорақалпоғистон Республикасига оид айрим нормаларга бир гуруҳ шахслар томонидан норозилик билдирилган. Бунинг натижасида 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрининг марказий кўчаларида намойишлар уюштирилган.

Улар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини ноқонуний эгаллашга уриниш ҳаракатлари содир этилган.

Шу муносабат билан қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлашни зарур, деб ҳисоблайман.

Халқимиз ҳукмига ҳавола этилган мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси ҳали қабул қилинмаган, умумхалқ муҳокамасига қўйилган, холос.

Яна бир бор таъкидлайман: фуқароларимизнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгаради ва такомилига етказилади», – деди президент.