Россиянинг Белгород шаҳри марказида 3 июлга ўтар кечаси содир бўлган кетма-кет портлашлар оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳатланди, шунингдек, 50 га яқин турар жой бинолари вайрон бўлди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, эрталаб соат учларда шаҳарда бир қатор баланд товушлар эшитилган, шундан сўнг Майаковский кўчасидаги уйлардан бири ёниб кетган. «Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаган бўлиши мумкин», — деб ёзди у Telegram каналида.

Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда ёнғин тасвирлари, шунингдек, осмонда, кейин эса ерда юз берган портлаш видеоларини жойлаштирган.

Гладковнинг сўзларига кўра, портлашларда Майаковский, Мичурин, Чумичов, Попов ва Павлов кўчалари бўйлаб жами 11 та кўп хонадонли уй ва 39 та хусусий турар жой бинолари шикастланган. Шу билан бирга, улардан бештаси бутунлай вайрон бўлган. Вилоят ҳокими фуқароларга уй-жойни тиклашда барча зарур ёрдамни кўрсатишга ваъда берди.

Жароҳатланганлар орасида икки киши – ўн ёшли бола ва оғир аҳволдаги эркак касалхонага ётқизилган. Ҳодисада уч киши ҳалок бўлгани расман тасдиқланган. База Telegram-каналининг ёзишича, Майаковский кўчасидаги хусусий уйлардан бирида вайроналарни тозалаш чоғида яна икки ўлик топилган. Ушбу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.

Украинада уруш бошланганидан бери Белгород чегара ҳудуди бир неча бор ўққа тутилди, маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, бу Украина томонидан амалга оширилган. Вилоят ҳудудида ва Россиянинг Украина билан чегарадош бошқа бир қатор вилоятларида террорчилик хавфининг «сариқ» даражаси эълон қилинган.