Президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида хабар берилганди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида қандай чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилиши маълум қилинди.

Фармонга мувофиқ бу вақт давомида:

  • жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилади;
  • Қорақалпоғистон Республикасида ҳаракатланиш эркинлиги шу жумладан транспорт воситалари учун чекланади;
  • жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари текширилади, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилади, улардаги ашёлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилади;
  • Қорақалпоғистонга кириш ва ундан чиқиш чекланади;
  • тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланади;
  • юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади;
  • қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқланади. Шунингдек, дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилади.
  • жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиоактив моддалар вақтинчалик олиб қўйилади.

Қорақалпоғистондаги вазият

1 июль куни соат тахминан 15:00 лардан бошлаб Нукусда айрим фуқаролар амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилди. Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирилди.  Жамоат тартибининг бузилишини олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилди.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги берган баёнотга кўра, бир гуруҳ жиноятчи шахслар популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғди ва ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уринди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинган қатъий чоралар билан ташаббускорларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйилди.

Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борди ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси референдумдан кейингина қонуний тусга киришини айтиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгариб, такомилига етказилишини таъкидлади.

Давлат раҳбари ҳозирги вазиятда барча фуқароларни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.