6 июль куни маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари Нукус шаҳрига ташриф буюриб, июль ойининг дастлабки кунларида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликларни ўрганишди. Тадбирларда «Дарё» мухбирлари Қорақалпоғистондаги воқеалар қандай бошлангани ҳақида маълумот олишди.

Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи Зафар Алимов воқеаларни бошланиши ҳақида батафсил маълумот берди.

1 июль куни соат 14:00 ларда Даулетмурат Тожимуратов Нукус шаҳар Қумовул маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Салмен Ота масжиди ёнида жума намозини ўқиб чиқаётган фуқароларга мурожаат қилиб, 5 июль куни соат 17:00 да митингга чиқиш кераклигини маълум қилади. Тожимуратов ўзини қорақалпоқ элига бош қилиб тайинлашини халқдан сўрайди.  Унинг ушбу чақириғи ёзилган видеолавҳалар тарафдорлари томонидан интернет тармоғига жойлаштирилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Даулетмурат Тожимуратов аҳолини митингга чақириш сабаби, мақсади нима эканини аниқлаш, митинг ўтказиш тартибини тушунтириш ва профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида ИИОга таклиф қилинган. Шундан сўнг 20-25 нафар фуқаролар Тожимуратов ҳибсга олинди деб, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги 2-сонли ҳибсхонаси олдида йиғилишади ва шаҳар марказий деҳқон бозори томонга қараб юришади. Йўл-йўлакай улар фуқароларни ҳам ўзлари билан юришга чақириб, қисқа вақтда уларнинг сони 10 мингга етади.

Фото: «Дарё»

Шу фурсатларда фуқароларни тинчлантириш мақсадида Жўқорғи Кенгес раиси Мурод Камолов ва бошқа раҳбарлар етиб бориб, уларни тинглашади. У ерда аҳолидан нима талаблари бор эканлиги сўралган. Мурод Камоловга эса Тожимуратовни шу ерга олиб келишни айтишган ва Тожимуратов олиб келинган. Намойишчилар Мурод Камоловнинг хизмат машинаси устига Даулетмурат Тожимуратовни чиқариб, унга тўн кийдириб, янги раҳбар деб эълон қилмоқчи бўлади.

Фото: «Дарё»

Даулетмурат Тожимуратов кейин Жўқори Кенгес томонга боришини айтади, унга қўшилиб бошқа иштирокчилар ҳам у билан бирга боришини айтади.

Фото: «Дарё»

Видеолавҳаларда кўриш мумкинки, ички ишлар, Мудофаа, Миллий гвардия ва бошқа тегишли орган ходимлари томонидан вазиятни жиловлаш бўйича бино қўриқловга олинади. Шундай пайтда намойишчилар томонидан улардаги турли буюмлардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига қўллаш ҳолатлари ҳам бўлган. Видеолавҳаларда намойишчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ҳужум қилиб, уларга нисбатан куч ишлатиб, уларнинг махсус буюмларини олиб қўйиш ҳолатлар ҳам акс этган.

Фото: «Дарё»

Нукус воқеалари хронологияси

1 июль куни соат тахминан 15:00 лардан бошлаб Нукусда айрим фуқаролар амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилди. Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирилди. Жамоат тартибининг бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилди.

Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борди ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси референдумдан кейингина қонуний тусга киришини айтиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгариб, такомилига етказилишини таъкидлади.

«Нега менга телефон қилиб айтмадинг одамлар норози бўлаётганини? Менга ҳам Қорақалпоғистоннинг эртаси, тинчлиги керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ҳозирги вазиятда барча фуқароларни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.

Шундан сўнг  президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилиб, бир қатор чора ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилиши белгиланди.

3 июль куни Шавкат Мирзиёев яна Нукусга бориб, видеоселектор ўтказди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берган. Давлат раҳбарининг мурожаатидан кейин вазият барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтаётгани маълум қилинди.

4 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси «Мени Қорақалпоққа бош қилиб, изимдан юришингизни сўрайман», дея халқни митингга чорлаган блогер Конституциявий тузумга тажовузда айбланаётганини маълум қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди коменданти, генерал майор Рустам Жўраев Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда 14 нафар фуқаро тартибсизликлар содир бўлган жойда турли даражадаги жароҳатлардан вафот этгани, улардан 13 нафари алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлганини маълум қилди. Шунингдек, хизмат бурчини бажарган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан ҳам 4 нафари ҳалок бўлган.

Оғабек Самисов ва Мадина Нурман, Тошкент—Нукус— Тошкент