АҚШ президенти Жо Байден Украинага қарийб 400 миллион доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам ажратишни топширди, деб ёзади «РБК» давлат раҳбари баёнотига таяниб.

Фото: Getty Images

«Мен давлат котибига Украинага ёрдам бериш учун АҚШ Мудофаа вазирлиги мудофаа маҳсулотлари ва хизматлари, шунингдек, ҳарбий ўқитиш ва тайёрлаш учун 400 миллион долларгача ажратиш ваколатларини топшираман», — дейилади хабарда.

АҚШ Мудофаа вазирлиги аниқлик киритишича, ушбу ёрдам пакетига тўртта HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими ва унинг ўқ-дорилари, учта тактик транспорт воситаси, 155 миллиметрли артиллерия ўқ-дорилари, портлатувчи ўқ-дорилар, контрбатарея кураш тизимлари, ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмлар ва бошқа ускуналар киради.

Идора маълумотларига кўра, АҚШ Украинага хавфсизлик соҳасида қарийб 8 миллиард доллар ёрдам ажратишга улгурган.

Апрелда АҚШ Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён биринчи марта Украинага ижара ёки узоқ вақт давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари билан қурол-яроғ етказиш имконини берувчи ленд-лиз дастурини ишга туширган эди.

Июнь бошида Жо Байден Украинага Киев сўраб келган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларини етказиб беришни буюрди. АҚШ маълум қилишича, Украина улардан Россия ҳудудига зарбалар беришда фойдаланмасликка ваъда берган.

Россия президенти Владимир Путин Украинага Американинг баравар ўт очиш реактив тизимлари етказиб берилиши Россия «махсус операцияси» боришини ўзгартира олмаслигини айтди.

Пентагоннинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Россия истилоси бошидан буён АҚШ Украинага жами 6,9 миллиард долларлик, АҚШнинг амалдаги маъмурияти ҳокимият тепасига келганидан буён эса 7,6 миллиард долларлик кўмак тақдим этган.

Кил жаҳон иқтисодиёти институтининг Ukraine Support Tracker лойиҳаси маълумотларига кўра, февраль охиридан буён Киевга йўналтирилган халқаро кўмак ҳажми 75 миллиард доллардан ошган, ҳарбий ва гуманитар ёрдам бўйича энг йирик донор эса АҚШ бўлди (25 миллиард доллар).