Германия бир ойдан буён Украинага 9 миллиад евролик ёрдам пакети тақдим этилишига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Corriere della Sera газетаси Киев ва Брюсселдаги манбаларига таяниб ёзмоқда.

Кристиан Линднер

Фото: Getty Images

Ёрдам Европанинг ўз қарз мажбуриятлари ҳисобидан Киевга 25 йилдан кейин сўндириладиган деярли фоизсиз кредитлар тақдим этилишини кўзда тутади. Германия — ушбу еврооблигацияларнинг энг йирик кафили. Германия молия вазири Кристиан Линднер Украинага кўмак берилишига қарши чиқяпти, у Брюссель Украинани деб умумевропа қарзига мурожаат қилаётганидан норози. Ҳозирча Линднер 1 миллиард евролик биринчи траншга рози бўлди, у Киевга июлгача ўтказиб берилиши керак эди.

Евроиттифоқ мамлакатлари Украинага 9 миллиард евролик молиявий кўмак беришни июнь охирида маъқуллаган эди.

Берлиннинг хатти-ҳаракатлари Украина президенти Владимир Зеленскийни Германиядаги элчи Андрей Мелникни ишдан бўшатишга ундаган омиллардан бири бўлган бўлиши мумкин, деб ёзади нашр. Яна бир сабаб сифатида газета Зеленскийнинг Германия ҳукумати «Шимолий оқим» газ қувури орқали Россия гази етказиб берилишини қайта тиклаш учун Россияга қарши санкцияларнинг бир қисмини бекор қилишидан хавфсираётганини айтмоқда.

Шу билан бирга, деб ёзади Corriere della Sera, Германиянинг Украина учун ёрдам пакетидан норозилиги, афтидан, газ етказиб бериш ва Берлиннинг «Москвага хушомод қилиш»га уринишлари билан боғлиқ эмас.

Айни вақтда Киев даъво қилишича, унга 5 миллиард евро миқдорида ёрдам керак, ва сентябрда Украина 900 миллион евролик ташқи қарзи бўйича дефолт эълон қилиши истисно этилмаяпти, деб ёзади газета.

Июнь ўрталарида Россиянинг «Газпром»и «Шимолий оқим» газ қувури орқали Германияга газ етказиб бериш ҳажмини дастлаб 167 миллион куб метрдан 100 миллионгача, кейинроқ 67 миллион куб метргача қисқартирди. Компания «Шимолий оқим» учун Германиянинг Siemens Energy компанияси газ турбиналари йўқлиги туфайли шундай қарорга келганини маълум қилди (у Монреалда таъмирланмоқда). Унинг Россияга қайтарилиши Канада томонидан Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли киритилган санкцияларни мураккаблаштирди.

Бундан ташқари, Россия 11 июлдан 21 июлгача қувур орқали газ юборишни режали профилактика учун тўхтатиб қўяди. Германия Россия томони шундан кейин газни умуман тўхтатиб қўйишидан хавфсирамоқда.

8 июнь куни Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб, «Шимолий оқим» учун двигателни қайтариш ҳақида қарор қабул қилиниб бўлганини маълум қилди. Турбинани дастлаб Германияга юбориш режалаштирмоқда, у ердан эса у «Газпром»га берилади, бу Канадага санкцияларни бузмаслик имконини беради.

Кремль Москва энергия манбаларидан «сиёсий босим ўтказиш учун қурол сифатида» фойдаланаётганига оид «ҳар қандай имо-ишоралар» ва баёнотларни рад этмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков даъво қилишича, Россия ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармоқда ва «ҳамон Европанинг тўлиқ энергетик хавфсизлигини кафолатлашга қодир».