Дўкон расталарида ҳар сафар оқартирувчи тиш пасталари турганда, қордек оппоқ тишлар билан табассум қилишни орзу қилган ҳар бир киши уни сотиб олмасдан кетолмайди. Аммо улар ҳақиқатан ҳам ўз вазифасини бажарадими? Қолаверса, улар тиш саломатлигига қай даражада зарарли? «Lisa.ru» нашри қуйида ана шу саволларга мутахассис билан биргаликда жавоб берди.

Фото: «Pexels.com»

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, бу каби пасталар нафақат тишларга ғамхўрлик қилади, балки уларнинг оқлигини ҳам сақлайди. Шунингдек, буларнинг барчаси тиш шифокорига ташриф буюришдан кўра арзонга тушади. Қолаверса, улардан мунтазам фойдаланиш табассумнинг мукаммал бўлишига ҳам ёрдам беради. Аммо мутахассислар бу ҳақда қандай фикрда? Улар оқартирувчи пасталардан фойдаланишни тавсия қиладими?

Паста ҳақиқатан ҳам оқартирадими?

Маълум қилиш керак бўлган биринчи нарса, оқартирувчи тиш пасталари тишларни оқартирмайди. Улар фақат тиш юзасидаги пигментни олиб ташлайди. Аниқроғи, бу пасталарни оқартирувчи эмас, балки очартирувчи деб аташ мумкин.

Фарқи нимада? Стоматологияда «оқартириш» пигментнинг чуқур қатламлари билан ишлашни англатади, рангни бироз ёрқинлаштириш эса бўёқ воситаларидан фойдаланиш, минерал воситаларни ишлатиш, оғиз бўшлиғининг ёмон гигиенаси ва бошқалар натижасида тишларда тўпланган юзаки пигментни олиб ташлашдир.

Тиш юзасидаги пигмент қандай олиб ташланади? Оқартирувчи тиш пасталарининг юқори абразивлиги туфайли. РДА индекси — абразивлик кўрсаткичи (дағал заррачалар сони ва натижада тиш эмалининг ювилиши) — бу пасталарда жуда юқори. Доимий фойдаланиш билан тишларнинг эмалининг юпқалашиш эҳтимоли ошиб боради ва милкка зарар етказиш хавфи мавжуд.

Уларни қандай қилиб тўғри қўллаш керак?

Бу оқартирувчи пасталар қарши кўрсатмага эга дегани эмас, фақат уларни қандай қилиб тўғри қўллашни билиш керак. Мисол учун, агар тишлар оқартирувчи паста билан ҳафтада бир марта кундалик парваришлаш пастаси билан бирга тозаланса, унда бунинг салбий оқибатлари бўлмайди. Аксинча, ҳар куни доимий паста билан барча қолдиқларни олиб ташлаш мумкин.

Оқартирувчи пастадан фойдаланишдан олдин кўрсатмаларни ўқиб чиқиш ва уларга қатъий риоя қилиш керак. Агар янги паста билан тозалагандан сўнг милкдан қон кета бошлаганини ва тишларда ҳарорат ўзгариши билан оғриқ кузатилса, ундан фойдаланишни тўхтатиш ва тиш шифокорига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Оқартирувчи пасталар тиш сезгирлиги юқори бўлган, кариес, тиш тўқималарининг камайиши билан оғриган беморларга тавсия этилмайди. Шунингдек, тиш гигиенасига риоя қилиш ва вақти-вақти билан тиш шифокори кўригидан ўтишни унутмаслик керак.