Қизиқчи Аваз Охун «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: «Дарё»

Аваз Охун суҳбат давомида ҳаётидаги ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган воқеаларга оид саволларга жавоб берди.

— Аваз Охун қайси мавзуда латифа айтишдан, ҳазил қилишдан қўрқади?

Диний масалаларда латифа ёки ҳазил қилишга қўрқаман. Бу борада атайлаб панд едиришган. Мен гапирган гапга, битта домланинг гапини монтаж қилиб, чиқаришган. Душманлик учун қилишган. Чунки мен у гапни бошқа мақсадда гапирганман, домла ҳам умуман бошқа одамга гапирган, шуни бир-бирига улаб, монтаж қилиб, фитна қилишган, бу фитна.

Диний масалага ақлимиз етмаганидан сўнг, эҳтиёт бўлишимиз керак. Билмай ҳам гапириб қўйишдан Аллоҳ асрасин.

Шайх ҳазратлари ароқ мавзусида, ирим, бидъатларни гапирганим учун менга раҳмат айтганлар. Ўша мавзуларда чиқиш қилганим учун кўп домлаларимиз раҳмат айтишган. «Биз масжидда мингта одамга гапирсак, Аваз Охун концертда тўрт мингта одамга гапирди, интернетда у гапларни миллионлаб одамлар томоша қилди», дейишган.

— Одамларни кулдира олмай қолган концертингиз бўлганми ?

Концертимизнинг биринчи кунида, битта сеанс асабийлашганим учун ўхшамай қолган. 2017 йилда битта хонанда билан гапимиз қочиб, асабийлашиб, асаб таъсир қилиб, бир концерт одамни олдида виждоним қийналган. Концерт яхши бўлган, аммо ўзимннг кўнглим тўлмаган.

— Аваз Охун ижара масаласида қийналганми ?

Олти йил ижарада яшаганмиз. Ижара уйда қилни устида ўтиргандек ўтирардик. Қишда уйидан чиқариб юборган уй эгалари бўлган. У вақтларда пулингиз бўлса ҳам уй ололмас эдингиз. Чунки прописка керак эди. Президентимизга раҳмат, пропискани йўқ қилганларидан сўнг, Тошкент ҳам Ўзбекистон Республикасига қўшилди. Олдин Тошкентга келсангиз, бошқа республикага келгандек бўлардингиз, ёнингизда пасспорт олиб юриш керак эди, паспортингиз бўлмаса, олиб бориб қамаб қўярди.

Худога шукр президентимиз пропискани йўқ қилганларидан кейин Тошкентдан уй, мошина олдим, ишга кирдим. Олдин шу прописка муаммоси бор эди.

— Аваз Охун 7 йил фарзанд кўрмагани ростми ?

Биринчи қизим етти ёшга киргунча кейинги фарзандим бўлмади. Худога шукр ундан сўнг учта кетма-кет фарзандим туғилди. Етти йилда битта фарзандим туғилган бўлса, учта фарзандим тўрт йилда дунёга келди.

— Қизиқчилар қачон йиғлайди ?

Биз ҳам ҳаётда оддий одаммиз, ҳаётда йиғлаймиз. Яқинларингиз бемор бўлса, юзингиз йиғламаса ҳам, юрагингиз йиғлайди.

— Аваз Охуннинг қандай бизнеслари бор?

Айни вақтда ҳеч қандай бизнесим йўқ. Уй олиб сотиб, мошина олиб сотиб, деярли уч хоналик уйнинг пулига тушиб қолганман. Шундан сўнг «бизнес менинг ишим эмас», деган қарорга келганман.

— Аваз Охун учун ҳаётидаги энг қийин, азобли кун қандай кун бўлган?

Дадам операция бўлган кун мен учун энг азобли, қийин кун бўлган.

Маълумот учун, Аваз Охун 1983 йил, 27 апрелда Андижон вилояти Асака туманида туғилган. Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтини тугатган. 2014 йил «Туркистон» санъат саройида «Янгисини эшитдингизми?», Халқлар дўстлиги санъат саройида 2015 йил «Ўзимизнинг гаплар», 2016 йил «Самимий кулги», 2017 йил «7 дан, 70 гача», 2018 йил «Янгиси янгида», 2019 йил «Ўзбекча кулги», 2020 йил Zo‘r TV каналида ҳарбийлар учун концерт дастурларини тақдим этган. 2021 йил «Кулгиларингизни соғиндим» концерт дастурини тақдим этди. Оилали, тўрт фарзанднинг отаси.