Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Оқолтин тумани ҳокимининг ўринбосарларидан бири ўз хизмат хонасида маҳаллий масъулияти чекланган жамият иш юритувчисидан 400 долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, мазкур мансабдор шахс ушбу МЧЖни биржа савдолари орқали ун маҳсулотлари сотиб олишига тўсқинлик қилиш, имтиёзлар бермаслик ҳамда «қора рўйхат»га киритиш билан қўрқитган. Агарда 500 доллари берса, келгусида МЧЖга раҳнамолик қилишини билдирган ва ушбу мақсадда муқаддам 1 миллион сўм олган.

Ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.