1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,5 млрд долларни ташкил қилди

Фото: Bloomberg

Апрелда захиралар рекорд дарада кўпайган эди — 35,9 млрд доллар. Олтин-валюта захиралари май ойига нисбатан 182 млн долларга кўпайди. 

Захиралар асосан олтин ва хорижий валютадан иборат. Май ойида иккаласи ҳам кўпайди:

  • валюта — 156,4 млн долларга (умумий 13,3 млрд доллар);
  • олтин — 39,7 млн долларга (умумий 21,2 млрд доллар).

Ўзбекистон захираларида 11,7 млн троя унция олтин бор. Июнь ойида бу кўрсаткич 0,3 млн троя унцияга кўпайган.

Олтин захиралари нима учун керак?

Оддий тил билан айтганда, бу суғурта, давлатнинг «хавфсизлик ёстиғи». Захиралар дунёнинг деярли барча мамлакатларида фавқулодда вазиятлар учун мавжуд.

Захиралар одатда юқори ликвидли, яъни тез сотиладиган активларда сақланади. Олтин ва хорижий валюта ушбу талабларга жавоб беради — улардан исталган вақтда қарз тўлаш ёки инвестициялар учун фойдаланиш мумкин.

2017 йилгача Ўзбекистон захиралари тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка эълон қилинмас эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида захиралар 26 миллиардни ташкил этиши маълум бўлган. Ўшандан бери улар деярли 10 млрд долларга ўсган.

Захиралардан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин ва ўрни қандай тўлдирилади?

Захиралардан турли мамлакатларда турлича фойдаланилади. Бу одатда тўлов баланси тақчиллигини молиялаштириш, валюта бозорида интервенсиялар ўтказиш, миллий валюта курсини ушлаб туриш, ташқи қарзларни қоплаш ва ҳоказоларни ўз ичига олади.

Захиралар мамлакатда қазиб олинган олтин, халқаро бозорга қимматли қоғозлар чиқарилиши, савдо баланси профицити ва бошқалар ҳисобига тўлдирилади.

Масалан, Ўзбекистонда захиралар, жумладан, ОКМК ёки НКМК томонидан қазиб олинган олтин ҳисобига тўлдирилади. Олтин четга сотилганда мамлакатдаги захиралар ҳам камаяди.

35,5 млрд доллар — бу кўпми ёки кам?

Ривожланаётган мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам халқаро ташкилотлар уч ойлик импортни молиялаштириш учун етарли бўлган захираларни сақлашни тавсия қилади.

35,4 млрд доллар ҳозир Ўзбекистонга 20 ойдан ортиқ импортни молиялаштириш учун етарли. Бундай кўрсаткич ишончли ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистон олтин захиралари бўйича дунёнинг кучли 20 талик рейтингига киргани ҳақида хабар берилган эди.