Агар АҚШ Давлат департаменти Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олмаса, бу ишни Конгресс амалга оширади. Бу ҳақда Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Давлат котиби Энтони Блинкен билан суҳбатда айти, деб ёзади Politico манбаларга таяниб.

Фото: Getty Images

«Конгрессда қонун қабул қилиш котиб қароридан кўра қийинроқ экани маълум, аммо маъмуриятнинг иқтисодий босим ва Путинга қарши риторикани кучайтириши учун бу зарур», — деди Конгресс расмийси. Шунингдек, у Конгресснинг бундай резолюцияни қабул қилишига тўсқинлик қиладиган қонуний сабаблар йўқлигини таъкидлади.

Бошқа давлатнинг терроризм ҳомийси сифатида тан олиниши бу давлат билан ўзаро муносабатларни қаттиқ чеклаш, унга мудофаа товарларини экспорт қилишни тақиқлаш, икки мақсадли маҳсулотлар (ҳам фуқаролик маҳсулотлари, ҳам қурол яратишда ишлатиладиган) экспортини назорат қилиш, молиявий ва бошқа чекловларни назарда тутади. Давлат департаменти веб-сайтида айтилишича, қарор, шунингдек, «терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар билан савдо қилган шахслар ва мамлакатларни жазолайдиган бошқа санкциялар тўғрисидаги қонунларни» киритишни ҳам назарда тутади. Бу шуни англатадики, АҚШ санкциялари иқтисодиётнинг айрим тармоқлари билан чекланиб қолмайди, дея таъкидлади Politico.

Шу кунгача АҚШ терроризм ҳомийси сифатида тўртта давлатни тан олган: Сурия (1979 йил декабрда), Эрон (1984 йил январда), Шимолий Корея (2017 йил ноябрда) ва Куба (2021 йил январда).

Украина президенти Владимир Зеленский америкалик ҳамкасби Жо Байден билан суҳбатда Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олишни сўради, деб ёзган эди Washington Post апрель ойида. Бунга жавобан Байден мазкур масалада аниқ баёнотлар бермаган ва расмий Москвага босим ўтказишнинг турли йўлларини кўриб чиқишга тайёрлигини таъкидлаган.