Ўзбек санъаткорлари орасида чет элнинг машҳур хонандалари билан дуэт куйлаганлари ҳам бор. Уларнинг тароналарига ишланган видеоклиплар нафақат телеекранларда севиб кўрилади, балки ижтимоий тармоқларда ҳам юқори кўришларни забт этади.

Фото: Instagram

Шаҳзода ва Синан Акчил

Хонанда Шаҳзода асли нидерландиялик бўлган Туркиянинг машҳур композитори ва хонандаси Синан Акчил билан биргаликда турк тилидаги дуэтни ижро этган. Ушбу тарона 2015 йилда куйланган, орадан бир йил ўтиб, таронага ишланган видеоклип тақдим этилган. Шаҳзода ва Синан Акчил ижросидаги «Ҳирка» номли тарона YouTube’да бир миллиондан ортиқ кўришлар сонига эга.

Шаҳзода юқоридаги ижодкордан ташқари руминиялик продюсер, хонанда Dr.Costi билан биргаликда «Billionaire», «Ҳабиби», «Мой золотой» тароналарини ижро этган. YouTube’да «Billionaire», «Ҳабиби» таронасига ишланган видеоклип 1 миллиондан, «Мой золотой» таронасининг видеоклипи  1 ярим миллиондан ортиқ кўрилган.

Кўплаб чет эл хонандалари билан дуэт куйлаган Шаҳзода Two жамоаси билан бирга «Linda» номли таронани ижро этган. Инглиз тилида куйланган мусиқа 2016 йилда премьера қилинган. Таронага ишланган видеоклип YouTube’да 7 ярим миллиондан ортиқ кўрилган.

Манзура ва Терлан Новхани

Манзура  Озарбайжоннинг машҳур хонандаларидан бири Терлан Новхани билан биргаликда «Хиёнат қилмадим» деб номланган таронани куйлаган. Ушбу мусиқа икки тилда, яъни ўзбек ва озарбайжон тилларида ижро этилган. Таронага ишланган видеоклип 2018 йилнинг апрель ойида премьера қилинган ва ҳозирга қадар YouTube’да 2 миллиондан ортиқ кўрилган. Жуфтлик ижросидаги видеоклип Озарбайжонда суратга олинган.

Бундан ташқари, Манзура ва Терлан Новхани «Айри дунялар» номли озарбайжон тилида куйланган таронани мухлисларга тақдим этган. Ушбу таронага ишланган видеоклип 2018 йилнинг ёзида намойиш қилинган ва YouTube’да ҳозирга қадар 350 мингдан ортиқ кўрилган.

Дилсўз ва Синан Ўзен

Хонанда Дилсўз туркиялик композитор, актёрлик ва телебошловчилик соҳасида машҳурликка эришган Синан Ўзен билан биргаликда «Севгилим» номли дуэт таронасини ижро этган. Ушбу тарона икки тилда, ўзбек ва турк тилларида куйланган. «Севгилим» номли мусиқага ишланган видеоклип 2018 йилнинг февраль ойида премьера қилинган. Таронага ишланган видеоклип YouTube’да 9 миллиондан ортиқ кўрилган.

Юлдуз Усмонова ва Сердар Ўртач

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова туркиялик машҳур хонанда Сердар Ўртач билан биргаликда дуэт ижро этган. «Диемем» номли тарона 2012 йилнинг январь ойида премьера қилинган. Ушбу таронага ишланган видеоклип YouTube’да 770 мингга яқин кўрилган.

Юлдуз Усмонова ва Яшар

Юлдуз Усмонова яна бир туркиялик ижодкор Яшар билан бирга қўшиқ куйлаган. «Сени севердим» таронаси Туркияда ва бошқа мамлакатларида хит даражасига чиққан. Таронага ишланган видеоклип 2010 йилда премьера қилинган ва ҳозирга қадар YouTube’да 150 миллионга яқин кўрилган.

Зоҳиршоҳ Жўраев ва Шабнам Сурайё

Хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев ўзининг яккахон концерт дастурида Тожикистон эстрада юлдузи Шабнам Сурайё билан биргаликда дуэт куйлаган. Жуфтлик ижросидаги «Дар кунжи дилам» номли таронаси YouTube’да 5 миллионга яқин кўрилган. Концерт дастуридан сўнг Шабнам Сурайё Зоҳиршоҳ Жўраевнинг яна дуэт куйлаш истаги борлигини билдирган.

Зоҳиршоҳ Жўраев ва Наҳиде Бабашли

Зоҳиршоҳ Жўраев концерт дастурида Шабнам Сурайёдан ташқари асли озарбайжонлик, нафақат Туркияда ва балки бутун дунё бўйлаб машҳурликка эришган хонанда Наҳиде Бабашли билан ҳам дуэт ижро этган. Турк тилида куйланган тарона YouTube’да 2 миллиондан ортиқ кўрилган.

Имрон ва Дилан Татлисес

Имрон туркиялик машҳур хонанда Иброҳим Татлисеснинг қизи Дилан Татлисес билан биргаликда дуэт куйлаган. Дилан ва Имрон ижросидаги «Ёлғиз» таронаси 2019 йилнинг декабрь ойида тақдим этилган. Турк ва ўзбек тилларида куйланган таронага ишланган видеоклип YouTube’да 1 миллиондан ортиқ кўришлар сонига эга. Хонанда Имрон ижодидаги энг қиммат клип ҳам шу таронага ишланган видеоклип эканини айтган.

Милена Мадмусаева ва Николай Басков

Опера йўналишида ижод қиладиган хонанда Милена Мадмусаева рус эстрадасининг ёрқин юлдузларидан бири Николай Басков билан биргаликда дуэт ижро этган. Хонанда ушбу дуэтини 2018 йилда тақдим этган. Милена Мадмусаева бундан ташқари Россиянинг яна бир машҳур хонандаларидан Степан Болотенюк билан ҳам дуэт куйлаган.

Озода Нурсаидова ва  Рай Ҳортон

Хонанда Озода Нурсаидова германиялик реп хонандаси Рай Ҳортон билан биргаликда «Breathe again» номли қўшиқни куйлаган. Ушбу таронага ишланган видеоклип 2019 йилнинг июль ойида премьера қилинган ва ҳозирга қадар YouTube’да 1 миллиондан ортиқ кўрилган. Озода Нурсаидова Тожикистоннинг машҳур хонандаларидан бири Зулайҳо Махмадшоева билан ҳам бир нечта тароналарни ижро этган.

Улуғбек Раҳматуллаев ва Жонибек Муродов

Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев тожикистонлик хонанда Жонибек Муродов билан биргаликда «Боре бедорам» номли таронани ижро этган. Ушбу таронага ишланган видеоклип 2019 йилнинг ноябрь ойида тақдим этилган ва YouTube’да 770 мингга яқин кўришлар сонига эга. Муҳаббат мавзусига бағишланган тарона тожик тилида куйланган.

Мавзуга доир: