Ҳар тонг ойнадан ташқарига қараб, кети узилмас машиналарга тўлган кўчаларга кўзингиз тушади. Улардан юзага келадиган «пробка»лар эса кишида худди ҳозир авария бўладигандай ваҳима уйғотади.

Албатта, бугунги тезкор талаб даврда машина ичидаги ҳайдовчи бугун, йўқ, ҳозир беш дақиқадан кейин ҳам нима бўлишини билмайди. Сабаби, йўлда фақат сизнинг тўғри юришингизгина камлик қилади.

Кун сайин сони ортиб бораётган ЙТҲлар статистикасини кўриб, уларнинг оқибатини енгиллаштиришга қисман бўлса-да ҳисса қўшувчи суғурта хизматлари ҳақида ўйлаб қолади, киши.

Суғурталаш ўзи қандай хизмат? Ҳайдовчилар учун унинг мажбурийлиги қанчалик тўғри?

«Дарё» суғурта нималиги, унинг турлари ва бу бўйича узоқ йиллик ҳайдовчининг шахсий тажрибаси билан бўлишади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Суғурта нима?

Суғурта – бу кутилмаган молиявий ҳолатлар учун захира режаси саналади. У мол-мулк, соғлиқ ёки ҳаёт, бизнес ва қийматга эга бўлган бошқа йўналишдаги хатарларнинг молиявий ҳимоясидир.

Суғурта деганда юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан шунингдек суғурталовчиларнинг маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа юз берганда ушбу шахсларга шартномага мувофиқ товон тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тушунилади.

Суғурта мажбурий ёки ихтиёрий бўлади.

Суғурта компаниялари одатда соғлиқни суғурталаш, автомобиль, уй-жой ва ҳаёт суғуртаси хизматларини таклиф этади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Автомобилни мажбурий суғурталаш нима учун муҳим?

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш фуқарога қайси жиҳатлари билан манфаатли?

Масалан, бировнинг автомобилига зарар етказилганда жавобгарликни суғурта амалга оширади.

У жабр кўрган, бегуноҳ шахсларга етказилган зарарни қоплаш тартиби бўйича ғамхўрлик қилиш орқали муҳим ижтимоий ролга эга саналади.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш автомобилнинг қуввати ва фойдаланиш ҳудудига қараб белгиланган.

Шу билан бирга, суғурта тўловининг қатъий миқдорига эга.

Шахсий тажриба

10 йилдан ортиқ ҳайдовчилик тажрибасига эга Бахтиёр Мўминов мажбурий суғуртанинг манфаатли жиҳатлари ҳақида гапириб, унинг ихтиёрий бўлиши кераклигини таъкидлади:

Мажбурий суғурта бир қанча ҳужжатли шартларни бажарган жабрланувчига фойдадан ҳоли эмас.

Масалан, машина аварияда 10 000 000 лик зарар кўрган бўлса, 8 000 000 ни суғурта тўлаб беради. 2 000 000 ни зарар етказувчи томонидан тўланади (Ўзининг ҳисоб-китобларида чиқариладиган суммалар бўлади).

Бир марта машинам авария бўлган. Суғурта пулини олиш учун эса судда ютиб чиқишим, экспертизаларда айбсизлигимни исботлашим ва бошқа югур-югурлардан ўтишим керак бўлган.

Судда ютганман. Шундан сўнг менга 4 200 000 сўм берган. У пайтда суғуртанинг энг юқори суммаси шунча миқдорда эди (Ҳозир 8 миллион атрофида).

Фото: Бахтиёр Мўминов шахсий архивидан

Кейин МИБдан чақириб, суғурта пули тўлаб берилдими, йўқми, деб сўрашган.

Зарар етказган томонга қўйилган чекловлар жабрланувчига пул тўлаб берилганидан кейингина олинар экан.

Бу, албатта, манфаатли — жабрланувчига ҳар бир сумма қадрли.

Мен ўша пайтда суғурта пули зарарни қоплаб берганидан миннатдорман. Лекин барибир бу мажбурий эмас, ихтиёрий тарзда амалга оширилиши керак, деб биламан.

Қолаверса, ҳайдовчилар орасида ёлғончилари ҳам учраб туради.

Улар 100 минг сўмлик машина қисмларини 400-500 минг сўм деб кўрсатиб, кўпроқ пул ундирмоқчи бўлганлар ҳам топилади.

Ихтиёрий суғурта

Автомобилни ихтиёрий суғурта қилиш эса йўллар, автомобиллар тураргоҳи ва бошқа жойларда ҳар қандай йўл ҳодисалари туфайли автомобилга етказилган зарарни унинг эгасининг айби бўлган ёки бўлмаганлигидан қатъий назар қоплашни таъминлайди.

Шу тариқа автомобиль эгаларининг мулкий ҳуқуқларини ҳимоялаш ва қўриқлаш орқали уларнинг шахсий манфаатлари ҳимояда туради.

Ушбу суғурта полиси нархи турли ташқи ўзгарувчан омилларга қараб белгиланмайди.

Суғурта қопламаси шартноманинг миқдорига боғлиқ, аммо суғурталанган транспорт воситасининг тўлиқ қийматидан ошиб кетолмайди.

Суғурталашни ким амалга оширади?

Ўзбекистонда суғурта бозори регулятори Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳисобланади. Агентлик суғурталовчилар ва суғурта брокерлари фаолиятини лицензиялайди.

Суғурта тўловларининг нормативлари ва механизмларини, ҳамда уларни ҳисоблаш тартибини ишлаб чиқади.

Суғурта бозорининг икки асосий иштирокчиси мавжуд:

  1. суғурта қилувчи
  2. суғурта қилдирувчи.

Суғурта қилувчи – рискларни ўзига олувчи ва суғурта компенсациясини тўловчи компания.

Суғурта компаниялари – жисмоний (фуқаролар) ва юридик шахслар (корхоналар) хатарларини тузилган шартнома асосида суғурталовчи молиявий ташкилотнинг махсус туридир.

Маълумот учун, 2022 йил 14 июнь ҳолатига кўра Ўзбекистон суғурта бозорида 42 та суғурта компаниялари фаолият кўрсатмоқда.

Суғурта қилдирувчи — суғуртани қабул қилувчи жисмоний ёки юридик шахс.

Суғурта компаниясини танлашда нималарга эътибор бериш керак?

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Лицензия. Суғурта компаниясининг суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга ёки йўқлигини текшириш керак.

Буни Очиқ маълумотлар портали сайтида амалга ошириш мумкин.

Тарифлар. Суғурта тарифлари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Жуда паст тарифлар фирибгарлик белгиси бўлиши мумкин.

Полиснинг тахминий қиймати суғурта компаниялари веб-сайтларида онлайн-калкулятор орқали ҳисобланиши мумкин.

Турли компаниялар харажатларини ҳисоблаб ва натижаларини солиштириб кўриш зарар қилмайди.

Шартномада назарда тутилган рисклар қанча кўп бўлса, суғурта нархи шунча юқори бўлишига эътибор қаратиш керак.

Шартлар. Суғурта шартларини диққат билан ўқиш, суғурта полисидан ташқари суғурта шартномасини кўриб чиқиш ҳам муҳим саналади.

Суғурта ҳодисаси белгилари келтирилган бандига алоҳида эътибор қаратиш керак. Суғурта нималарни қопламаслигини аниқлаштириб олган маъқул.

Муҳим! Турли вазиятларда зарарни қоплаш тартибини аниқлаштиришни унутмаслик ҳамда компенсация тўлаш муддатлари ҳақида сўраш керак.