Колумбия ва Венесуэла кўп йиллик кескинликдан кейин муносабатларни қайта тиклашга тайёрлигини эълон қилди, деб ёзади Tengrinews.

Фото: Tengrinews

Венесуэла ташқи ишлар вазири Карлос Фариа ва Колумбиянинг сайланган ташқи ишлар вазири Альваро Лейва Венесуэланинг чегарага туташ Сан-Кристобаль шаҳрида қўшма баёнот берди. Вазирлар қайд этишича, Колумбиянинг янги президенти Густаво Петро 7 август куни лавозимига киришганидан кейин Венесуэла билан дипломатик алоқаларни қайта тиклашга шайлигини маълум қилган.

«Иккала тараф ҳам 7 августдан бошлаб элчилар ҳамда дипломатик ва консуллик ишчиларини тайинлаш йўли билан икки томонлама муносабатларнинг аста-секинлик билан нормаллашувини кўришни истайди», — дейилади Колумбия ташқи ишлар вазири хабарида.

Фариа тасдиқлашича, кун тартибидаги бандлардан бири чегаранинг «босқичма-босқич очилиши»ни ўз ичига олган. Колумбия ва Венесуэла катта масофага чўзилган умумий чегарага эга бўлиб, у узоқ вақтлар давомида ELN ва FARC каби қуролли гуруҳлар учун бошпана бўлиб келган.

Колумбия ва Венесуэла ўртасидаги алоқалар 2015 йилда, муҳожирлар инқирози даврида бузилган эди. 2019 йилда Колумбиянинг лавозимини тарк этаётган президенти Иван Дуке Венесуэла етакчиси Николас Мадуронинг сайланганини тан олишдан бош тортиб, Каракас билан алоқаларни бутунлай узиб юборган эди. Иккала мамлакатда ҳам элчихона ва консулхоналар ёпилиб, улар ўртасидаги авиарейслар тўхтатилди. Чегаранинг ўзи 2019 йилдан 2021 йил охиригача ёпиқ бўлиб келган.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни Колумбия бирлашган сўл кучлар номзоди Густаво Петро расман республиканинг сайланган президентига айланди. Петро амалга оширишни режалаштираётган сиёсий қарорлар орасида Колумбияда нефть қазиб олишни тўхтатиш, тоза энергия билан ишлайдиган қишлоқ хўжалик бизнесига юкламани камайтиришга қаратилган солиқ ислоҳоти, давлат томонидан хусусий пенсия жамғармалари пулларидан фойдаланиш ва бошқалар бор.