Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен уруш бошланганидан буён биринчи марта телефон орқали суҳбатлашди. Қўнғироқлашув ҳақида Блинкен маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Энтони Блинкен

Фото: Getty Images

«Суҳбат дангал ва очиқчасига кечди. Мен Кремлни Пол Уилан ва Бриттни Грайнерни озод этиш бўйича таклифимизни қабул қилишга чақирдим. Шунингдек, дунё Россиядан Украина, Туркия ва БМТ билан Украинадан дон етказиш бўйича эришилган битимга оид мажбуриятлар бажарилишини кутаётганини таъкидладим», — деди Блинкен.

«Кремль томонидан яқинда эълон қилинган Украина ҳудудини истило қилишни давом эттириш режалари ҳақидаги баёнот ҳамда шахсан вазирнинг Украинанинг демократик тарзда сайланган ҳукуматини алмаштириш Россия режаларига кириши ҳақидаги гаплари фонида, Лавровга бу режалар дунё ҳамжамияти томонидан ҳеч қачон қабул қилинмаслигини билдирдим. Дунё ҳеч қачон истилони тан олмайди. Агар Россия бу режаларни амалга оширса, биз Россияга қўшимча жиддий санкциялар юклаймиз», — дея қайд этди АҚШ давлат котиби.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, Лавров Блинкен билан суҳбатда Россия «махсус ҳарбий операцияси»нинг «мақсад ва вазифалари тўлиқ бажарилиши»ни қайд этди, шунингдек, озиқ-овқат экспорти билан боғлиқ вазият «Америка санкциялари туфайли мураккаблашаётгани»ни таъкидлади.

«Давлат котибининг эътибори шунга қаратилдики, Украина қуролли кучлари ва миллий батальонларнинг Америка ва НАТО қуроллари билан таъминланишда давом этиши ва уларнинг тинч аҳолига қарши кенг кўламда қўлланилиши Киевда агония режимини узайтириб, низони чўзмоқда ва қурбонларни кўпайтирмоқда», — дейилади хабарда.

«Россия ва АҚШнинг ҳибсга олинган фуқаролари билан эҳтимолий айирбошлаш масаласида Россия томони қуруқ муҳокамаларга асосланган ахборот сизиб чиқишига йўл қўймаган ҳолда, «тинч дипломатия» режимидаги профессионал мулоқотни қатъий таклиф қилди», — дея қайд этди Россия ТИВ.

Маълумот учун, аввалроқ АҚШ Россияга жосуслик ҳақидаги модда бўйича Россияда судланган Пол Уилан ва наркотиклар контрабандаси бўйича судланган баскетболчи Бриттни Грайнерни АҚШда ноқонуний қурол етказиб бериш айблови бўйича 25 йилга ҳукм қилинган Виктор Бутга айирбошлашни таклиф қилган.

Россия ТИВ Москва ва Вашингтон ўзларининг ҳибсдаги фуқароларини айирбошлаш бўйича музокаралар олиб бораётгани, бироқ ҳозирча аниқ бир натижалар йўқлигини қайд этганди.

Июнь бошида АҚШ президенти Жо Байден Украинага HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимларини етказиб бериш қарори ҳақида эълон қилди. Июль бошида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний қуролли кучлар уларни қўллашни бошлаганини маълум қилди.

Украина мудофаа вазири Алексей Резникнинг сўзларига кўра, мамлакат «синовдан ўтди» ва АҚШ етказиб берган артиллерия тизимларини муваффақиятли қўлламоқда. У шунингдек, янги зирҳли техника ва учувчисиз учар қурилмалар етказиб берилиши заруриятини қайд этди.

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат Ғарбдаги шерикларидан сўраётган қуролларни вакцинага қиёслади.

Россия президенти Владимир Путин Украина томонига ракета қурол-яроғлари топширилиши ҳақида гапирар экан, «бу даҳмазалар»нинг барчасидан кўзланган мақсад «қуролли низони иложи борича узоқроқ чўзиш» эканини айтганди.