АҚШ президенти Жо Байденнинг коронавирус учун топширган тести яна мусбат натижани берди. Бу ҳақда унинг даволовчи шифокори Кевин O’Коннор маълум қилди. Баёнот Оқ уй сайтида чоп этилган.

Фото: Getty Images

21 июль куни Америка етакчиси коронавирус билан касаллангани маълум бўлган эди, бироқ ўшандан кейин 26—29 июль кунлари ўтказилган тестлар натижалари манфий бўлган, деди ЎКоннор. 30 июль куни эса Байденнинг COVID-тести мусбат чиққан.

Байденнинг ўзи унда касаллик аломатлари йўқлигини таъкидлади, шунга қарамай 79 ёшли сиёсатчи ўзини изоляция қилишни режалаштирмоқда.

Ўтган ҳафта коронавирус аниқланганда Байден муолажа учун Pfizer компаниясининг вирусга қарши «Паксловид» препаратини қабул қилган. Америка оммавий ахборот воситалари, жумладан, The Washington Post нашрининг ёзишича, ушбу препаратни қабул қилганларда баъзан қайта инфекцияланиш ҳолатлари содир бўлади.