Кўпчилик мазали тарвузлар олдидан шунчаки ўтиб кета олмайди. Ушбу полиз экини ёзги рационга жуда мос келади — у оз миқдордаги калорияни ўз ичига олади ва очлик ҳамда чанқоқни енгиллаштиради. Шунингдек, тарвуз истеъмоли шакари кўп бўлган зарарли маҳсулотлардан воз кечишга ёрдам беради. Grazia нашри ҳар куни тарвуз истеъмол қилинса, бунинг организмга қандай таъсир қилиши ҳақида сўз юритди.

Фото: Grazia

Сувсизланишнинг олдини олади

Ёзда одатдагидан кўпроқ сув ичиш керак, чунки иссиқда суюқлик тер билан организмдан фаол равишда чиқарилади. Агар оддий сувнинг таъми ёқмаса, тарвузни тез-тез истеъмол қилиш мумкин. Тарвузнинг 90-95 фоизи сувдан иборат, шунинг учун у чанқоқни самарали қондиради.

Қон босими билан боғлиқ муаммолар камаяди

100 грамм тарвузда тахминан 120 мг калий мавжуд бўлиб, бу натрийнинг қон босимига таъсирини камайтиради, шу билан уни меъёрга келтиради. Қолаверса, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу полиз экини дори-дармонларнинг ўрнини босишга қодир эмас, аммо саломатлик билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олади.

Вазн камайтиришга ёрдам беради

100 грамм тарвузда атиги 30 калория бор. Агар у газак сифатида истеъмол қилинса ёки ширинликлар билан алмаштирилса, истеъмол қилинадиган калорияларни камайтириш ва бу туфайли вазн йўқотишга эришиш мумкин.

Ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келади

Агар тарвуз кўп истеъмол қилинса, қорин бўшлиғида ноқулайлик, шиш, газ ва диарея пайдо бўлиши мумкин. Гап шундаки, у қисқа занжирли углеводларни ўз ичига олади, улар ингичка ичакда аста-секин сўрилади.

Қонда шакар миқдори ошиши мумкин

Тарвузни керагидан ортиқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. У кўп миқдорда фруктозани ўз ичига олади, шунинг учун қонда шакар даражасини ошириши мумкин. Қандли диабетга мойил бўлган одамлар рационини диққат билан кузатиб боришлари керак.

Тўғри овқатланишга риоя қилиш яхшидир. Соғлиққа зарар бермаслик учун кунига 300 граммдан кўп бўлмаган тарвуз истеъмол қилиш тавсия этилади.