«Роснано» компаниясининг собиқ раҳбари ва Россия президентининг собиқ махсус вакили Анатолий Чубайс Гиен-Барре синдроми билан реанимацияга ётқизилди. Бу ҳақда россиялик телебошловчи Ксения Собчак ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Анатолий Чубайс

Фото: «РИА Новости»

«Мен Гиен-Барре синдроми ташхиси билан Европа клиникаларидан бирига ётқизилдим. Аҳволим ўртача оғир, барқарор», — деган Чубайс Собчакка берган изоҳида.

Чубайснинг рафиқаси унинг аҳволи беқарор эканини айтди. «Аҳволи ёмонлашди, қўл-оёқлари тўсатдан қотиб қолишни бошлади», — деди Авдотя Смирнова.

23 март куни Чубайс Россия президентининг махсус вакили лавозимини тарк этиб, мамлакатдан чиқиб кетгани маълум бўлган эди, ўша куни уни Истанбулда кўришган. Хабарларга кўра, Чубайс Туркиядан Европага учиб кетган ва Италияда яшаётган бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) веб-сайтидаги маълумотларга кўра, Гиен-Барре синдроми кўпинча бактериал ёки вирусли инфекциядан кейин юзага келади; эмлаш ёки жарроҳлик унинг ривожланишига туртки бўлиб хизмат қилиши мумкин. Синдромлар одатда бир неча ҳафта давом этади ва беморларнинг аксарияти унча узоқ бўлмаган муддатда оғир неврологик асоратларсиз тузалади.

Оғир ҳолатларда Гиен-Барре синдроми нутқ ва ютиниш қобилиятини сусайтириши мумкин. Синдром ҳар қандай ёшдаги одамларга таъсир қилиши мумкин, аммо у кўпинча катталар ва эркакларда учрайди.