АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар томонидан Кобулда «Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти етакчиси Айман аз-Завоҳирийни йўқ қилиш бўйича амалга оширилган операция ҳар томонлама муваффақиятли бўлганини маълум қилди.

Фото: WФЛА

«Менинг буйруғим билан Қўшма Штатлар Кобулга муваффақиятли ҳаво ҳужуми уюштирди ва ‘Ал-Қоида’ етакчиси Айман аз-Завоҳирийни йўқ қилди», – деди Байден.

Байденнинг айтишича, миссия муваффақиятли ўтган.

«Унинг (аз-Завоҳирийнинг – таҳр.) оила аъзоларидан ҳеч ким жабрланмаган, тинч аҳоли вакилларидан қурбонлар йўқ. Операция тўлиқ муваффақиятли ўтганини тасдиқлаганимдан сўнг бу хабарни эълон қиляпман», – дея қўшимча қилди Байден.

Америка раҳбарининг таъкидлашича, ал-Завоҳирий 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларини режалаштиришда фаол иштирок этган, шунингдек, АҚШ ва бошқа давлат фуқаролари қурбон бўлган бошқа терактлар ташкилотчиси бўлган.

«Энди адолат қарор топди ва террорчиларнинг бу етакчиси йўқ қилинди», – деди Байден.

Мисрлик ал-Завоҳирий Усама бин Лодин 2011 йилда америкаликлар томонидан йўқ қилинганидан кейин «Ал-Қоида»га раҳбарлик қилган. Ал-Завоҳирий АҚШ разведка идоралари томонидан энг фаол қидирилаётган террорчилар рўйхатида бўлган ва расмий Вашингтон унинг қаерда экани ҳақидаги маълумот учун 25 миллион долларгача пул мукофоти таклиф қилган.