«Толибон» ташкилоти Кобулда «Ал-Қоида» етакчиси Айман аз-Завоҳирийни яшириб, Доҳада эришилган келишувларни қўпол равишда бузди. Бу ҳақда Америка давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

«Шунингдек, улар афғон халқига ҳамда ўзлари маълум қилган халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниш ва у билан алоқаларни яхшилаш бўйича интилишларига хиёнат қилди», — деб таъкидлади Блинкен.

Давлат котиби ишонтиришича, «Толибон»нинг ўз мажбуриятларини бажаришни истамаслиги ёки бунга қодир эмаслигига қарамасдан, АҚШ Афғонистон аҳолисига фаол гуманитар ёрдам беришда ва уларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини ёқлаб чиқишда давом этади. Блинкен қайд этишича, толибон Афғонистон ҳудудининг террорчилар томонидан қўлланилишига ва шу орқали бошқа мамлакатлар хавфсизлигига таҳдид юзага келишига йўл қўймаслигини бир неча марта айтиб ўтган эди.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Афғонистон пойтахтида «Ал-Қоида» етакчиси Айман аз-Завоҳирий йўқ қилингани ҳақида баёнот берганди. У бу воқеани ҳар томонлама муваффақият деб атаб, Америка Афғонистон террорчилар учун «хавфсиз бандаргоҳ»га айланмаслиги учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини таъкидлади.

Politico, Reuters ва АP маълумотларига кўра, зарба 31 июль, якшанба куни дрон орқали берилган. «Толибон» ҳукумати вакили Забиҳулла Мужоҳид Кобулга берилган зарбани қатъий қоралади ва ҳодисани «халқаро тамойилларнинг» бузилиши деб атади.

Аз-Завоҳирий 2011 йилда, гуруҳнинг аввалги раҳбари Бин Ладен Америка кучлари томонидан йўқ қилинганидан кейин, «Ал-Қоида» етакчисига айланган эди. Сентябрда Пентагон аз-Завоҳирийнинг жойлашган жойи ҳақидаги маълумотлар учун 25 миллион доллар миқдорида мукофот пули тайинлаганди.

Блинкен тилга олган Доҳадаги келишув АҚШ ва «Толибон» вакиллари ўртасида 2020 йил февралида имзоланган эди. Толиблар, хусусан, ўз назорати остидаги ҳудудларда «бошқа давлатлар ва ташкилотлар» бўлиб туришига йўқ қўймаслик мажбуриятини олган эди. «Бир қатор шахслар ва ахборот агентликлари минтақада турли гуруҳлар борлигини айтмоқда, аммо биз бундай ҳолат юз беришига йўл қўймаймиз ва бундай натижага қарши турамиз», — дея ишонтирган эди ҳаракатнинг сиёсий идораси раҳбари ўринбосари Шермуҳаммад Аббос Станакзай.