АҚШ Украинага 550 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини ажратади, тегишли фармонни Америка президенти Жо Байден имзолади, деб ёзади «РБК».

Фото: Global Look Press

Киев, шу жумладан, артиллерия ўқ-дориларини қўлга киритади. HIMARS ракета тизимлари учун снарядлар (уларнинг сони маълум қилинмаяпти) ва 155 миллиметрли артиллерия учун 75 мингта снаряд етказиб берилади, деб ёзади CNN Пентагонга таяниб.

Бу 2021 йил августидан буён АҚШ томонидан Украинага 17 марта ўз қурол-яроғ захираларининг етказилишидир. Ўтган йил январида президент Жо Байденнинг инаугурациясидан бери шу кунгача Киевга хавфсизлик соҳасида қарийб 8,8 миллиард доллар ажратилган. 2014 йилдан буён ўтган саккиз йил ичида Украина АҚШдан хавфсизлик соҳасида 10 миллиард доллардан зиёд ҳажмда кўмак олган.

«Украинанинг жанг майдонида ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун АҚШ ўз иттифоқдошлари ва шериклари билан ишлаб, Украинага зарур имкониятларни тақдим этишда давом этади», — дейилади Америка мудофаа идораси хабарида.

Аввалроқ Германия Украинага ҳатто ўз армиясида бўлмаган энг янги қурол-яроғларни етказиб бераётгани маълум бўлганди. Германиянинг Украинага ҳарбий кўмаги қисқаргани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, Украина қуролли кучлари Берлиндан қабул қилган қурол-яроғ ҳали ҳатто Германия қуролли кучларининг ўзида ҳам йўқ, деди Германия канцлери Олаф Шольц.

Россия ҳукумати Ғарб давлатлари томонидан Украинага қурол етказиб берилишини танқид қилмоқда. Мамлакат президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Ғарбнинг қуроллари Россияга махсус операциядан кўзланган мақсадларга эришишда халал бермаслигини айтганди. «Агар НАТО, моҳиятан, Россия билан прокси орқали урушга киришаётган ва ушбу проксини қуроллантираётган бўлса, унда уруш урушдай бўлсин», — дея огоҳлантирган эди ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.