Германиянинг Украинага ҳарбий кўмаги қисқаргани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, Украина қуролли кучлари Берлиндан қабул қилган қурол-яроғ ҳали ҳатто Германия қуролли кучларининг ўзида ҳам йўқ. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шольц Globe and Mail нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Олаф Шольц

Фото: EPA

«Бу тизимларнинг баъзилари шунчалик янгики, улар жуда кам миқдорда ишлаб чиқарилган, айримлари эса ҳатто Бундесверда ҳам йўқ. Уларнинг барчаси украин ҳарбийларидан билим олишни талаб қилади, ва биз буни ҳам таъминлаймиз», — деди Шольц.

Германия Украинага «бор нарсаларнинг ҳаммасини»: зенит ва танкка қарши мажмуаларни, миналарни, «тонналаб ўқ-дорилар»ни етказиб берди, шундан кейин мураккаброқ ва қимматроқ қурол тизимларига ўтди, деди у. Канцлер аниқлик киритишича, гап баравар ўт очиш реактив тизималри, ўзиюрар гаубицалар, контрбатарея радарлари ҳақида бормоқда.

Айни пайтда украин ҳарбийлари Германиянинг бир нечта нуқталарида янги ва мураккаб қурилмалар билан ишлаш бўйича ўқитилмоқда, Берлин Киевга қанча керак бўлса, шунча ёрдам бермоқчи, деди Шольц.

Аввалроқ Шольц Россиянинг ўзи Германияни Украинага қурол етказишга мажбурлаганини айтганди. У «Путин бизга бошқа танлов қолдирмади», деди.

Апрель ўрталарига келиб, Германия қурол-яроғ етказиб бериш бўйича ўз захираларини тугатди, шундан кейин қурол ишлаб чиқарувчиларига Киев учун янги қуроллар ясаб беришни сўраб мурожаат қилди. Ўшанда у Украинага ўз ҳарбийлари яхши таниш бўлган совет қуролларини етказиш яхшироқ эканини таъкидлаганди.

Россия ҳукумати Ғарб давлатлари томонидан Украинага қурол етказиб берилишини танқид қилмоқда. Мамлакат президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Ғарбнинг қуроллари Россияга махсус операциядан кўзланган мақсадларга эришишда халал бермаслигини айтганди. «Агар НАТО, моҳиятан, Россия билан прокси орқали урушга киришаётган ва ушбу проксини қуроллантираётган бўлса, унда уруш урушдай бўлсин», — дея огоҳлантирган эди ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.