Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Amnesty International ташкилоти ҳисоботига жавобан  «Украина уруш ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг барча қонунларига доимо риоя қилиб келган», — дея қатъиян таъкидлади. Бу ҳақда Meduza нашри хабар бермоқда.

Фото: «Focus.ua»

Унинг қайд этишича, Украина ҳукумати Донбасс аҳолисини вақтинча ҳудудни тарк этишга чақирган ва мажбурий эвакуация қилишни бошлаган.

Подолякнинг қўшимча қилишича, улар ўз аҳолисининг хавфсизлиги учун қанча ҳаракат қилмасин «Россия барибир ҳеч қандай қоида ва қонунларни менсимайди» ва фронтдан 500 километр узоқликдаги турар жойларни ўққа тутади.

Украина армиясининг қонунбузарликлари ҳақидаги ҳар қандай баёнот — ахборот операцияси характерига эга. Шунингдек, бу ҳисобот Украина Қуролли кучларини обрўсизлантириш ва Ғарб ҳамкорларининг қурол-яроғ етказиб беришига путур етказишдир, — дея хулоса қилади Подоляк.

Аввалроқ Amnesty International ташкилоти Украина томонидан ҳарбий қонунлар бузилганлиги ҳақида маълум қилган эди.