Украина ҳарбий техника ва қуролларни мактаб ва касалхоналарга жойлаштириш орқали уруш қонунларини бузмоқда ҳамда бу ҳаракатлари билан тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўйган. Бу ҳақда Amnesty International (Халқаро Амнестия инсон ҳуқуқлари ташкилоти)нинг 4 август кунги ҳисоботида маълум қилинди.

Фото: «Russian.rt.com»

Украина Қуролли кучлари тинч аҳолини хавф остига қўйгани ва одамлар гавжум жойларда ҳаракат қилгани сабаб уруш қонунларини бузганини ҳужжатлаштирдик, — деган Amnesty International ташкилоти бош котиби Агнес Калламард.

Ҳисоботда қайд этилишича, ҳуқуқ фаоллари Украинанинг 19 та шаҳар ва аҳоли пунктларида, жумладан, Донбасс, Харьков ва Николаев вилоятларининг турар жой биноларидан УАФ зарбалари ва уларнинг фуқаролик инфратузилмаси объектлари ҳудудига қурол-яроғ жойлаштирилиши ҳолатларини қайд этган.

Шу билан биргаликда, Украина ҳарбий қўмондонлиги Россия Қуролли кучларининг эҳтимолий жавоб зарбаси натижасида йўқотишларни минималлаштириш учун қўшни бинолардан аҳолини эвакуация қилмаган.

Amnesty International экспертлари, хусусан, Украинанинг жануби-шарқий вилоятларидаги 29 та мактабдан 22 тасида Украина Қуролли кучларининг шахсий таркиби ёки Украина ҳарбий техникаси ва қуроллари жойлашган деган хулосага келди. 

Таъкидланишича, масалан, Одессада украиналик ҳарбийлар зирҳли техникаларини тўғридан-тўғри, зич жойлашган аҳоли пунктларига тўплаган. Бахмутда эса университет биносидан ҳарбий база сифатида фойдаланилган.

24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Донбасс республикалари раҳбарларининг ёрдам сўраб қилган мурожаатига жавобан Украинада махсус ҳарбий операция ўтказилишини эълон қилган эди. Шундан сўнг АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, шунингдек, бир қатор бошқа давлатлар Россия Федерациясига қарши кенг кўламли санкциялар киритди ва Украина ҳукуматига қурол-яроғ етказиб беришни амалга оширган.

Мавзуга доир: Британия Жулиан Ассанжни АҚШга экстрадиция қилади