Бугун, 4 август куни Сенат ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг маърузаси тингланди.

Агентлик директори ўз чиқишида ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 56 миллиард сўмлик хато ва камчиликлар аниқланганини айтди. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бу рақамларга эътироз билдирди.

Беҳзод Мусаев

Фото: «Дарё»

Жуда катта рақамлар қўйилиб кетмоқда. Ҳисоботнинг 34-варағида 50 миллиард сўм, 45-варағида 56 миллиард сўмлик молиявий камчиликлар аниқланган, дейиляпти. Бир нарсага аниқлик киритиб олишимиз керак. Бу ҳисобот молиявий назорат органидан олинган маълумотлар асосида тайёрланган. Молиявий назорат органи коррупцияни аниқлади, дейлик. Бу коррупциявий ҳолат бўлдими, йўқми ҳали, буни суд исботладими, йўқми.

Бизнинг тиббиёт тизимида 500 минг нафардан ортиқ ходим ишлайди. Ҳисоботда тиббиёт энг коррупцион соҳа деб хулоса қилиняпти. Қани, ўша 395 та ташкилот? Биз шу маълумотларни кўрганимиздан бери тагига етгимиз келяпти. Қайси ташкилотимизда шундай катта молиявий камчиликлар аниқланди? Шундай катта коррупцион ҳолат аниқланган бўлса, нега каттароқ тиббиёт тизими раҳбарига нисбатан суд томонидан қатъий жазо чоралари кўрилмаган? Бу камчиликлар судда ўз далил-исботини топмаган. Бундан ташқари, шу мониторинг натижасида 50 миллиард сўмдан 35 миллиард сўми мақсадсиз харажатлар ўз вақтида аниқланди ва иқтисод қилинишига эришилди, дейиляпти. Бу ҳали коррупцион ҳолат эмас. Мени битта таклифим: бундай ҳисоботни юқори даражага олиб чиқилишидан аввал вазирлик билан ҳар бир ҳолатни кўриб чиқсак ва якуний тўхтамга келинган рақамни олиб чиқсак, тўғрироқ бўларди.

Сенат раиси Танзила Норбоева Беҳзод Мусаевнинг бу сўзларига эътироз билдириб, мазкур маълумотлар асосли эканига ишонишини айтди.

Танзила Норбоева

Фото: «Дарё»

Беҳзод Анварович, биринчидан мазкур масалаларни бу ерда кўтаришингиз ноўрин. Ўйлайманки, бу маълумотларнинг тагида асоси бор. Асоссиз нарсани Сенат ялпи мажлисига олиб чиқилмайди. Шунча саволингиз бор экан, Акмал Эшондадаевични нима учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига олдинроқ чақириб, шу масалаларни муҳокама қилиб, аввалроқ чора-тадбирларни белгиламагансиз? Бу ер ади-бади айтишиб ўтирадиган аудитория эмас. Агентлик раҳбари бизга маърузасини тақдим қилиши керак. Биз уни эшитиб, ўзимизнинг топшириқларимизни агентликка беришимиз лозим. Ҳозир агар сиз буни гапирадиган бўлсангиз, халқ таълими вазири чиқиб ўз масаласини гапирса, яна бошқалар чиқса, бу бошқача бир майдонга айланиб кетади. Коррупцияга қарши курашиш масаласини ҳар бир вазирлик ўз устувор вазифаси деб билиши керак. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилдими, бирга ишлаб, муаммони ҳал қилиш зарур.

Акмал Бурхонов вазирнинг эътирозларига жавоб қайтарди. Агентлик раҳбарининг маълум қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йилда Ўзбекистон бўйича энг кўп коррупция аниқланган давлат ташкилотлари рейтингида биринчи ўринни эгаллаган.

Акмал Бурхонов

Фото: «Дарё»

Бир нарсани таъкидламоқчиманки, маърузам фақат агентлик томонидангина ишлаб чиқилган эмас. Молиявий хато ва камчиликлар Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва бошқа назорат қилувчи органлар томонидан аниқланиб, умумлаштирилган. Битта мисол келтираман: оммавий ахборот воситаларида чиқаётган маълумотларга эътибор берилса, 6 ойлик якунлар бўйича (2022 йил-таҳр.) хурсанд бўлишимиз керакки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими иккинчи ўринга тушди (коррупция рейтингида-таҳр.). Банк тизими биринчи ўринга чиқди. Биз келтираётган бу ердаги статистика айнан судлар томонидан кўриб чиқилиб, ҳукм чиқарилган ишлар бўйича. Ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги рейтингда биринчи ўринда эгаллаган. Ва албатта, бу маърузага шубҳа бўлмаслигини сўрардим. Маъруза март ойида тайёрланган. Вазирлик ва идораларга ҳам юборилган.