Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги «Korzinka» дўконида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 4 август куни соат 16:32 да туманнинг «Подишоҳбоғ» маҳалласи Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган «Korzinka» савдо мажмуасида ёнғин рўй бергани ҳақида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра 3 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 16:37 да воқеа жойига етиб борган.

Маълум бўлишича, савдо мажмуаси ичида бўлган нон пишириш печида электр симларининг қисқа туташуви юзага келган. Ҳодиса оқибатида ҳеч қандай ёнғин содир бўлмаган. Вазият оқибатлари қутқарувчилар томонидан соат 16:42 да бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган.