Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида эр-хотин ўртасидаги тортишув ўлим билан якунланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, туманнинг «Узун» қишлоқ фуқаролари йиғинидаги хонадонларнинг бирида вақтинча яшаётган эр-хотин гап талашиб тортишиб қолган. 22 июль куни соат 21:00 ларда юз берган оилавий жанжалда 50 ёшли аёл ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг қорин қисмига бир маротаба урган.

Оқибатда эр ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 10 кундан кейин вафот этган.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аёлга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.