Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлими терговчиси 5 минг доллар пора олгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Дарё» ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ушбу маълумотни тасдиқлади. Маълум бўлишича, 3 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси З.К. иш юритувидаги жиноят иши бўйича айбланувчига енгиллик қилиб бергани аниқланган.

У хизмати эвазига тамагирлик йўли билан талаб қилган 5 минг долларни олган вақтида ушланган.

Терговчига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (тамагирлик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибида ушланган.