Ижтимоий тармоқларда Маданият вазири Озодбек Назарбеков қабулига киролмаётганини айтган фуқаронинг видеомурожаати эълон қилинди. Унда фуқаро беш ойдан бери вазир қабулига киролмаётгани, вазирликда фуқаролар мурожаатига эътибор жуда суст экани айтилган. «Дарё» мазкур муаммони ўрганиш мақсадида мурожаатчи фуқаро билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, видеомурожаат орқали чиқиш қилган қиз — Дилдора Сиддиқова. У ноҳақ ишдан бўшатилган отаси Комил Аширов ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида беш ойдан бери Маданият вазирлиги эшигини қоқмоқда. Бироқ ҳар сафар ё қўпол муносабатга ёки вазирлик ишчиларининг қаршилигига дуч келган.

Дилдора Сиддиқова.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев.

«Вазирликка боришим ва бундай видео олишимнинг сабаби дадамнинг ноҳақ ишдан бўшатилгани бўлди. Вазир қабулига кириш ва муаммо юзасидан мурожаат қилиш учун дастлаб 2022 йилнинг март ойида вазирликка бордим ва қабулга ёзилдим. Шундан сўнг тез-тез қўнғироқ қилиб, қабул вақтимиз қачон бўлиши ҳақида сўраб турдим. Ҳар сафар қабул ўтказилмаяпти, деган жавобларни олдим. Аммо ижтимоий тармоқларда вазир Озодбек Назарбековнинг жойларда қабулларда бўлгани, аҳоли билан учрашган жараёни кўринган видеолавҳаларни кўриб, бизни қабулга чақиришмаяпти деган гумон пайдо бўлди. Ва яна вазирликка келдим.

Бироқ вазирлик масъуллари, хусусан, фуқаролар мурожаати билан ишловчи Умид ака қабул бўлаётганини тан олмади. Ҳолбуки масъуллар билан учрашишдан олдин вазирлик ходимларидан бири қабуллар доим бўлаётганини айтганди», — дейди «Дарё» билан суҳбатда бўлган Дилдора Сиддиқова.

Дилдоранинг айтишича, вазирлик масъуллари вазир қабуллари ҳақидаги видеолар Озодбек Назарбековнинг вилоятлардаги сайёр қабулларида тасвирга олинганини, айни пайтларда вазирликнинг ўзида қабул бўлмаётганини айтган.

Вазирликдагиларнинг шу гапидан келиб чиқиб, Жиззах вилояти Маданият бошқармасига қўнғироқ қилиб, вазирнинг жиззахликлар учун сайёр қабули июль ойида бўлишини айтишаётганини билдириб, айнан қабул куни қачон бўлишини сўрадим. Улар қабулдан хабари йўқлигини, вазир қабул ўтказаётган бўлса, унда бошқармада бу ҳақда албатта маълумот бўлишини айтишди. Шунда Умид акага менга ёлғон гапираётганини айтдим. Ва бўлган жараённи телефонимда тасвирга ола бошладим. Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода кўрганингиздек, улар менинг телефонимни ҳам тортиб олишди. Хуллас, ўша куни ҳам ҳеч қандай натижасиз уйга қайтдим, — дейди мурожаатчи.

Дилдора Сиддиқованинг айтишича, вазирнинг шу даражада иши кўп бўлса, унинг ёрдамчилари ёки шу ишга алоқадор бирор бир масъул билан кўриштиришларини сўраган. Аммо натижа бўлмаган.

Ноҳақ ишдан бўшатилгани айтилаётган Комил Ашировнинг маълумот беришича, у 2016 йил Жиззах шаҳридаги санъат коллежига директор вазифасига тайинланган. Мазкур коллеж 2019 йил Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактабига айлантирилган. Комил ака мазкур даргоҳга 2022 йилнинг март ойига қадар раҳбарлик қилган.

Комил Аширов.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев.

Маданият вазирлиги томонидан 2021 йил охири ва 2022 йил бошига қадар санъат мактабида тўрт марта текширув ўтказилди. Бу текширувлардан асосий мақсад мени ишдан олиш эди. Текширув натижасига кўра, вазирлик масъуллари менинг фаолиятим давомида 149 миллион сўм ортиқча тўлов қилинганини, пулни талон-торож қилганимни айтишди. Бироқ бу ҳолат Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан қайта текширилиб, 149 миллион сўм эмас, 1 миллион 700 минг сўм маблағ ортиқча тўланганини аниқлашди. Ва менга вазирлик томонидан қўйилган айбловларни олиб ташлашди, — дейди Комил Аширов.

Комил аканинг қўшимча қилишича, вазирликнинг Жасур Хуррамов, Камолиддин Раҳимов ва Нурбек исмли ходимлари шунга қарамасдан унга босим ўтказиб, унга бўшаш ҳақида ариза ёздирган.

Вазирлик ходими Жасур Хуррамов текширувга келгач, барча ҳолатларни текшириб, ҳеч қандай айб тополмагач, қайтишда менга 700 доллар керак бўлиб қолди, қарз бериб туринг деди. Мен ҳам танишимдан бир ойга деб, унга пул олиб бердим. Бир ойдан сўнг телефон қилиб, пул берган одам пулини сўраётганини, қайтариши кераклигини айтдим. У эса қочиб кетяпманми, кутиб туринг, деди. Кейинроқ яна икки-уч марта телефон қилиб, сўрасам, мен сиздан пул олганим йўқ, деб тан олмай қўйди. Шу боис берган пулимни қайтариб олиш мақсадида порталга мурожаат қилдим. Хуллас, шу воқеалар сабаб Жасур Хуррамов бошчилигидаги вазирлик ишчилари мени ишдан олиш ҳаракатига тушишди ва ишдан олишди. Улар менга босим ўтказиб, ҳатто ариза ёзмасангиз, юрак касал бўлиб ўлиб кетиш даражасига олиб борамиз, деб қўрқитишди ва ариза олишди, — дейди Комил Аширов.

Комил Аширов маданият вазири Озодбек Назарбековнинг қабулига кириб, унга қўйилган айблов — 149 миллион сўмни еб кетгани ҳақидаги гап сўзлар асоссиз бўлиб чиққанини, шаҳар прокуратураси унга қўйилган айбловни олиб ташлаганини айтмоқчи. Аммо вазирни тополмаяпти.

Мен шахсан вазир қабулига кириб, ходимларининг менга нисбатан қандай адолатсизлик қилганини айтмоқчиман. Вазирнинг ўзи бу ҳақда билади. Аммо воқеалар ривожидан хабари йўқ. Шу сабаб вазирликка боргандик, — дейди Комил ака.

Комил Аширов вазир қабулига кириб чиққач, ҳақ ҳуқуқларини тиклаш учун судга мурожаат қилишини айтаётган бўлса, Комил Ашировнинг қизи Дилдора Сиддиқова вазирлик ходимлари дадасига босим ўтказиб, соғлиғидан ажрашига, ишсиз сарсон бўлишига сабаб бўлгани учун кечирим сўраши кераклигини айтмоқда.

Дилдора Сиддиқова.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев.

Вазирлик ходимлари дадамнинг ҳеч қандай айби бўлмаса-да, босим ўтказиб, соғлиғига путур етказди. Ва бошида ҳатто директор сифатида ишдан олиб, санъат мактабида оддий ўқитувчи бўлиб ишлашига ҳам йўл қўймади. Ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилаверганимиздан сўнг, ўқитувчи сифатида фаолиятларини давом эттиришларига рухсат беришди. 149 миллион сўм талон-торож қилингани ҳақидаги гап-сўзлар исботини топмади. Шу сабаб мен вазир олдига кириб, бор ҳақиқатни айтишни ва вазирлик ходимлари дадамдан узр сўрашларини, жамоаси олдида қандай юзини қора қилган бўлса, оқлаб беришларини талаб қиламан, — дейди Дилдора Сиддиқова.

«Дарё» мазкур масала юзасидан Маданият вазирлигига ҳам мурожаат қилди.

Бу ҳақда бизда батафсил маълумот бор. Ҳақиқатан ҳам санъат мактаби директори фаолиятида катта миқдорда камомадга йўл қўйган, шунингдек, кўплаб ходимлари унинг фаолиятидан норози бўлган. Бизда видеофактлар ҳам бор. Тез орада бу ҳақда расмий маълумот ҳам берамиз. Фақат бу ҳақдаги маълумотларни вазир тасдиқлаб бериши керак, — дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Орифжон Файзиев.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.