Хитой Халқ озодлик армияси Тайван яқинида жанговар ўт очиш машқларини бошлади, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги мамлакат марказий телевидениесига таяниб. Машғулотлар 7 август, якшанба тонгига қадар давом этади. Улар доирасида Тайван яқинидаги сув ҳудудлари ва ҳавода жанговар ўқлар узилади.

Фото: Getty Images

Пекин ушбу машғулотларни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи туфайли ўтказмоқда. Хитой Халқ озодлик армияси бу ҳаракатлар Тайван масаласида АҚШ томонидан юзага келтирилган «йирик кескинлашув»га жавоб эканини, бу «жиддий тийиб туриш» ва орол мустақиллиги тарафдорлари учун огоҳлантириш бўлишини тушунтирди.

2 август куни Пелоси Тайван парламентига ташриф буюрди, президент Сай Инвен билан учрашди ва оролни «дунёдаги энг эркин жамиятлардан бири» деб атади. Унинг таъкидлашича, сафаридан асосий мақсад Тайваннинг «жонли ва динамик» демократиясини қўллаб-қувватлашдир.

Хитой ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатлар Пелосининг Тайванга ташрифидан кейин янада кескинлашди. Пекин Вашингтонга «ягона Хитой» принципига риоя қилишни эслатган, мазкур принципга кўра Тайван суверенитетга эга эмас. АҚШ сиёсатчисининг Тайванга ташрифи ХХР суверенитетининг бузилиши деб баҳоланмоқда.

Хитой ҳарбийларининг машғулотларига жавобан Тайванда жанговар шайлик даражаси оширилди. Оқ уй инқирозли вазият яратмоқчи эмаслиги ҳамда Хитой билан зиддиятга ва «қиличбозлик»га интилмаслигини таъкидлади.

«Пекинда Пелосининг ташрифидан Тайванга қарши тажовузкор ҳаракатларни кучайтириш учун баҳона сифатида фойдаланишга асос йўқ», — деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. Унинг сўзларига кўра, Вакиллар палатаси спикерининг сафари АҚШнинг «ягона Хитой» концепциясига содиқлигига зид эмас.