Ўзбекистон мева ва ёнғоқларнинг асосий экспортчиларидан бири ҳисобланади. Мева экспорти ҳар йили мамлакатга 500-600 млн доллар даромад келтиради. Бу ҳақда EastFruit хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ўзбекистонда «нолдан» деб аталадиган кўплаб йирик боғдорчилик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, кўпинча қишлоқ хўжалигида илгари фойдаланилмаган ва суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ерлар ўзлаштирилмоқда.

Шунинг учун тадбиркорлар боғларни суғориш учун 200 метр ва ундан ортиқ чуқурликдаги қудуқларни бурғилашади. Ҳатто бундай чуқурликда ҳам сув у қадар сифатли эмас ва юқори туз таркибига эга, уларни фильтрлаш катта харажатлар талаб қилади.

Бу йил айрим вилоятларда июль ойидаги ҳаво ҳарорати узоқ вақт давомида 45 даража ва ундан юқори даражада сақланиб қолган.

Ўзбекистонда артезиан сувларининг «олтин захираси»дан кўп фойдаланилиши жиддий хавотир уйғотмоқда, чунки бунинг оқибатида ичимлик суви танқислиги келиб чиқади, — дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти сармоя бўлими иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Фермерлар қудуқлар оқими пасайишни бошлаганини тан олади ва яқинда расмий манбаларга таяниб етти вилоятда ерости сувлари сатҳи 5 метрга пасайгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Бу ҳам мева-сабзавот саноати учун жуда ёқимсиз тенденция ва таҳдидли вазиятдан далолат.

Андрий Ярмакнинг фикрича, бу яқин йилларда Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштиришнинг ўсиш суръатлари секинлашиши ёки ҳатто камайишига олиб келиши мумкин.